Ўзбекларнинг дўстими дедингиз?

Ўзбекларнинг дўстими дедингиз?
86 views
05 April 2012 - 10:50

Бундан бир неча кун олдин бир ҳурматли акамиз ва самимий дўстим билан суҳбатлашар эканмиз, шу дўстим бир гапни айтиб қолди:

-Мана Станбулда Сурия халқи дўстларининг йиғилиши бўлаяпти. Улар бир орага келиб, Сурия халқига қандай ёрдам беришлари мумкинлигини муҳокама қилмоқдалар. Бу дунёда ўзбекларнинг дўсти йўқми? Нега ҳеч ким бизга ёрдам бермайди?

Ҳурматли акамиз босиқлик билан аввало бутун халқларнинг, шу жумладан ўзбек ҳалқининг ҳам мутлақ Дўсти-Волийси Парвардигоримиз эканлигини айтди. Бу маънога албатта ҳеч биримиз эътироз билдирганимиз йўқ. Аммо дўстимиз айтмоқчи бўлган фикр инсоният иродаси ичида халқимизнинг дўстлари борми, йўқми, маъносини билдирарди.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистондаги диктатура Суриядаги диктатурадан фарқ қилмайди. Ҳар икки давлатда ҳам инсон ҳуқуқлари паймол қилинмоқда. Ҳатто бу масалада Ўзбекистондаги аҳвол Суриядагига қараганда янада ваҳималироқдир. Ўзбекистонда ҳам Суриядаги каби мухолиф ҳаракатлар тақиқланган, мингларча бегуноҳ кишилар Каримов зиндонларида азоб чекмоқдалар, мингларчаси эса бу зулм тузумининг қурбони бўлиб кетди…

Аммо нега Суриядаги аҳвол БМТ муҳокама қилинади, 74 давлат бир орага келиб, Суриядаги диктатурани тугатишнинг йўларини излайдию, Ўзбекистондаги аҳволга ҳамма томошабин, ҳеч ким ҳеч нарса демайди?

Бу саволга жавоб бериш албатта осон эмас. Бу ерда айтадиган фикрларим, албатта, менга оиддир. Улардан тўғрилари ҳам, баъзилари эса нотўғри ҳам бўлиши мумкин. Менинг фикримча, аввало Ўзбекистон Сурия каби дунёнинг марказий ҳудудларида эмас, геополитик жиҳатдан бир “бурчакда” жойлашгандир. Иккинчидан, Ўзбекистон Сурия каби информацион “денгизида” ҳам жойлашмаган. Масалан, Сурияда инсонлар “Ал Жазира”, бошқа араб каналлари, Оврупо ахборот воситаларини кузатиб бориш имконига эга. Бизда эса бундай имкон чегараланган. Шунинг учун халқимизнинг Каримов диктатурасининг ваҳший башарасини таниб олиши унчалик ҳам осон бўлмаяпти. Яна ватанимиздаги аҳволдан дунё жамоатчилиги Суриядаги аҳвол каби яхши таниш ҳам эмас…

Бутун бу манфий омилларга қарамасдан, ўзбек халқининг умуман дўстлари йўқ, дейиш ҳам тўғри бўлмаса керак. Менимча, Марказий Осиё халқлари ўзларининг умумий қадарга эга эканликларини яхши тушунишади. Айниқса, бу халқлар ичида соф эътиқодли ва яхши ахлоқли инсонлар ўзларининг биродарлар эканликларини яхши тушуниб етадилар. Қолаверса, Туркия ва Ислом дунёсининг бошқа давлатларида ҳам халқимизга хайрихоҳ бўлганлар топилади.

Бу масаладаги энг муҳим нуқта аввало ўзбекларнинг ўзаро дўст бўлишларидир. Бундай дўстликнинг шарти эса илм, имон, яхшилик, умуминсоний тараққиётнинг мусбат жиҳатлари, инсон ҳуқуқлари ва адолат йўлида ҳамкорлик қилишдан иборатдир, дея ўйлайман.

Йўлдош Абдулла ўғли, 5 апрель 2012 йил.