Ўзбеклар ва тожиклар ўзаро душманми?

Ўзбеклар ва тожиклар ўзаро душманми?
42 views
06 April 2012 - 11:30

Гапни индаллосидан бошлайлик: ўзбеклар ўзбошимча ўзбек, тожиклар эса ўзбошимча тожик бўлиб қолмаган. Ўзбекнинг ўзбеклигини, тожикнинг тожиклигини илоҳий қадар белгилагандир. Арабнинг араблиги ҳам, руснинг руслиги ҳам худди шундайдир. Демак, халқлар фақатгина бир- бирларидан фарқли бўлганликлари учун ўзаро душман бўла олмайдилар, ўзаро душман бўлмасликлари керак. Зеро, инсонлар бир миллат бўлганларида ҳам барибир улар орасида душманлик кўтарилмас эди. Чунки инсон билан бирга шайтон, деган лаънати фитначи бор экан, ўзбегу тожикнинг, қирғизу қозоқнинг ёки бошқа миллатларнинг ўзаро душманлигини бир четга қўйиб туринг, ота ва боланинг ҳам ўзаро душман бўлишлари ҳеч гап эмас…

Ўзбеклар ва тожикларнинг айни ҳудудда яшашлари ҳам уларнинг ихтиёри билан ўртага чиқмаган. Тарих деган илм ўртага чиққандан ва у ўз ҳақиқатини ёза бошлагандан бери бу халқларнинг қўни- қўшни бўлиб яшаб келаётгани ҳаммага маълум.

Шунинг учун ҳам ўзбекларнинг бир қисми кундалик ҳаётда ўзбекча ва тожикча гаплашганлари каби, тожикларнинг ҳам бир қисми кундалик ҳаётларида тожикча ва ўзбекча гаплашиб келганлар ва келмоқдалар. Яъни, бу халқларнинг бир қисмига икки тиллилик ҳам қисмат бўлган, десак хато бўлмайди.

Аллоҳ таолонинг ҳидояти билан бу икки халқ ҳам Исломга эргашганлар. Аҳоли мусулмон бўлгани учун, тиллар айри бўлса ҳам, дилларда яқинлашув бўлган. Ўзбегу тожик орасида биродарлик, қуда- андачилик, тижорат, зиёрат каби икки халқни бир -бирига боғлаб турадиган ришталар ўртага чиққан…

Шу ҳақиқатлар ўртада экан, нима бўлди-да, бу икки халқ бугун ўзаро душман сифатида кўрсатилмоқда ёки шундай кўрсатишга уринилмоқда. Бунинг асосий сабаби Ислом Карим деган “зот”да Исломнинг маъноси бўлган тинчилик руҳининг, Имомали Раҳмон деган “зотда” эса имомликнинг маъноси бўлган яхши раҳбар руҳининг йўқлигидир. Бугун ўзбегу тожиқнинг ўртасидан мана шу икки “қора мушуклар” ўтиб қолган. Бу икки “қора мушук” ўзларини оқ қилиб кўрсатаман, яъни машҳурликда ва манманликда бир-биридан ўзишга уринаман, деб ўзбегу тожикнинг бошига қора кунларни солаётгани айнан ҳақиқатнинг ўзидир.

Хўш, ўзбегу тожик орасида табиий (нормал) алоқалар қандай бўлиши керак? Бугунги кунда Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам мустақил давлатлардир. Аммо бундай мустақиллик икки давлат ўртасида черагарларнинг ёпилиши, ўзаро виза жорий қилиш (ахмоқликни қаранг), мен сенга сув бермайман, мен сенга газ бермайман каби ҳар икки тарафга ҳам зарарли бўлган сиёсат олиб боришни билдирмаслиги керак. Аксинча бу икки мустақил давлат орасида чегаралар очиқ бўлиши, визалар бекор қилиниши, фуқароларнинг ҳар икки давлатга саёҳати эркин бўлиши керак. Тожикистонда давлат тили тожикча бўлсада, бу мамлакатда яшайдиган ўзбекларга мактабларда ўз тилларини ўрганиш имкони яратилиши керак. Ўзбекистонда давлат тили ўзбекча бўлсада, бу мамлакатда яшайдиган тожикларга мактабларда ўз тилларини ўрганиш имкони яратилиши керак. Тожикистон ва Ўзбекистон олий даргоҳларида ўзбекча ва тожикча факултетлар бўлиши ҳам мақсадга мувофиқдир. Урф-одатлар бир, дастурхонларда айни таомлар, булар ҳақда гапирмасак ҳам бўлади.

Хуллас, ўзбеклар ва тожиклар қадимдан айни ҳудудда яшаб келишган. Бу халқлардан бир қисмининг икки тиллилик эканликлари ҳам тарихий ҳақиқатдир. Шундай экан, ўзбегу тожик орасида ҳамкорлик, яхши қўшнилик, бир-бирини қўллаб-қувватлашдан бошқа чора борми? Ўзаро низодан, душманликдан, урушдан кимга фойда? Бундан фақатгина Ислом Карим ва Имомали Раҳмон дейилган “қора мушуклар”гина фойдаланиши мумкин. Ўз давлатларида ўзбегу тожикни бир-бирига қарши қайраш ва шу йўл билан ўзаро муносабатларда душманликни ортириш орқали Ислом Карим ва Имомали Раҳмон ўзларининг диктатураларини мустаҳкамлашга уринмоқдалар. Шунингдек, бу икки халқ орасида ирқчилик йўлида бўлган, узоқни кўра олмайдиган, тожик яхши ўзбек ёмон, ўзбек яхши тожик ёмон, дейдиган чаласавод, жоҳил фитначилар борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Шундай экан, бу халқларнинг илмли, имонли, адолатпарвар ва тараққийпарвар инсонлари ҳамкорликни йўлга қўйиб, халқларимиз орасини бузаётган мана шу икки “қора мушукни”Ўзбекистон ва Тожикистондан қувишлари ва уларнинг жоҳил малайларига ҳадларини билдиришлари керак бўлади.

 

Фурқатбек.