Тошкент осмонида яна қора булутлар

Тошкент осмонида яна қора булутлар
60 views
06 April 2012 - 16:08

Ватандош суҳбатдошим ўзи ёш талаба бўлсамда, мен билан интернет орқали танишиб, бир йиллик доимий суҳбатларимиз сабабли мен билан ака-сингил каби гаплашади. У оврупа яшаш шароитлари билан қизиқади ва кўпдан кўп саволлар беради. Ўз навбатида мен у орқали ватанимдаги янгиликлар билан танишиб тураман. Бу ердаги яшаш шарт шароитлар ва ижтимоий таъминотлар, табиатни мухофаза қилиш каби конунларни сўзлаб берсам, авваллари мен билан муросасиз тортишувларга киришиб кетарди.

Баъзи баъзида эса менга сизлар ватанни ташлаб кетиб, чет элда яшаяпсизлар деган таъналарни ҳам айтиб қолар сўнг яна, “Э ака, узр мен кизишиб кетдим. Сиздаги ватан туйғуингиз кучли эканлигини биламан”, деб кечирим ҳам сўраб қоларди.

Мен унга Ўзбекистонда чеклов қўйилган сайтларда ёзиладиган мақолаларни почтасига юбориб, таништириб тураман.

Янги иш бошлаганлигим сабабли икки хафтача у билан алоқага чиқа олмадим. Шу икки хафта мобайнида эса бир неча маротаба у алоқага чиқинг ака деб мурожаат қилди.
Бугун имкон туғилиб эрта тонгда суҳбатлашдим, хайронлигим бир неча бор ошди ва шу сухбат асосида ушбу жумлаларни қоғозга тушуришга ҳаракат қилдим.

“Ака, мен ўқийдиган Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети ҳамда Дипломатия ва жаҳон иқтисодиёти университети, Тошкент давлат Техника университетларида МҲХ ходимлари иштрокида янги кинофилм кўрсатишди. Филм тўғридан тўғри сизлар ҳақингизда бўлди, яъни сизни раисингиз ҳақида ва сиз менинг почтамга ташлаган Обидхон қори Назаров тўғрисида. Мен бу филмни кўриб ҳайрон қолдим, сизни менга жўнатган мақолаларингизда, Қори ака комада ётганлари билан танишганман. Бу филмда эса қори акани Швецияда яшаб туриб, Ўзбекистонда террористик гуруҳларни тайёрлайди деб айтишди. Ундан ташқари бир неча соқолли ёш йигитлар “кечирим сўраймиз халқдан шу оқимга кўшилиб қолганимиз учун” деб хам гапиришганини кўрсатишди.

Сиз ва сизнинг раисингиз чет элда яшайдиган ватан хоинларидан ҳаракат ташкил этиб Ўзбекистонни қонуний ҳукуматига қарши кураш эълон қилганмишсизлар.
Ака, бизда нималар бўлаётганини ёзсам ишонмайсиз, бир хафта бурун менинг бир танишим “Қозоғистонга бориб келишим керак, акангдан илтимос қил чегарага чиқариб қўйсин” деб қолди. Мен акам билан танишимни Қозоғистон чегарасига Чернаевкага оборишга келишдим. У ердаги чегарадан чиқиб кетиш учун навбатга турганларни кўриб оғзим очилиб қолди, ака ёзсам ишонмайсиз, мен бунақасини 41 йилдаги уруш ҳақидаги киноларда кўрганман.

Эшитишимча ОВИР бундан кейин ҳеч кимга чет элга чиқишга рухсат бермасмиш.

Метроларда турадиган милиция ходимлари энди тўппонча билан қуролланиб туришибти. Ҳар куни бўлмасада, кун ора Тошкентда заправкалар портлатилиб турибти. Ака нималар бўляпти ўзи Тошкент бозорларида одамлар йўқ, расталар бўм-бўш, хамма бу ердан чиқиб кетиш орзусида.

Ака менимча яна дўппи тор келиб қолганга ўхшайди, хукумат нималарнидир ташкиллаштириб сизларни халққа қоралаб кўрсатмокчи”.

Мен суҳбатни айнан ўзини ёзиб улгурмадим, маъносини ёзиб маълум қилишни маъқул кўрдим.

 

Дўст Назар.

ponauz.com