“ОҚ СУЯКЛАР ВА ҚОРА СУЯКЛАР”

“ОҚ СУЯКЛАР ВА ҚОРА СУЯКЛАР”
123 views
08 April 2012 - 10:50

“Оқ суяк” бўлиш (номенклатура, аристократия-зодагонлик) жамиятдаги раҳбар ва имтиёзли табақага оид бўлишни билдиради. Советлар даврида бу Коммунистик Партиянинг катта -кичик раҳбарияти аъзоларини ва совет тузумида унинг манфаатига хизмат қилишга лойиқ кўрилган табақани билдирарди. Зодагонликнинг асосий тамали эса моддий бойлик ва унга асосланган ижтимоий, сиёсий ва ҳакоза имтиёзлардир.

Хуллас, номенклатурага (имтиёз синфига) ва аристократияга (зодагонларга) жамиятда эҳтиёж борми, йўқми, бугунги мавзумиз шундан иборатдир.

Сўзни ҳамон Ўзбекистонга келтирадиган бўлсак, ватанимиз мустақил бўлгандан кейин имтиёз ҳам, зодагонлик ҳам диктатор Ислом Каримов ва унинг оиласи, бу оила ичида эса тўнғич қиз Гулнора Каримовага оиддир. Албатта бу диктаторга ва оила аъзоларига уларнинг жиноятида шериклик қилаётганлар ҳам турли имтиёзларга эгадирлар. Улардан баъзилари ўзларини ҳозирги Ўзбекистоннинг зодагонлари ҳисоблашлари ҳам кўпчиликка маълум.

Хуллас, тарихда бўлгани каби бугун ҳам жамиятларда қуйидаги табақаларни кўришимиз мумкин: булар номенклатура ва аристократия табақаси (оқ суяклар табақаси), иккинчи табақа ўлиб-тирилиб бу оқ суякларга яқин бўлишга ва бундай яқинликни қўлга киритиш учун оқ суякларга хизмат қилувчи тоифа ва учинчи тоифа “қора суяклар”, яъни жамиятда хўрланадиган ва ҳеч бир қадриятга эга бўлмаганлар табақаси…

Жамиятларнинг бундай ички бўлиниши қаерда бор, дейсизми? Ҳамма жойда бор, инсонлар бундай бўлиниш бўлган жойни эмас, бўлмаган жойни излашлари керак аслида…

Масалан, бир ярим миллард инсон яшайдиган Хитойда Коммунистик Партия ва унинг югурдаклари бу давлатнинг “оқ суякларидир”…

Аҳолисининг сони жиҳатдан Хитой билан рақобат қилаётган Ҳиндистонда зотан “каста” тузуми мавжуд. Олий кастга оид кишилар учун бу дунё ҳаёти жаннат, қора суяклилар учун эса жаҳаннамдир бу давлатда…

Америкада бунақа тоифа йўқ, дейдиганлар ҳақиқатни билмайдиган кишилардир. Америкада кимнинг оқ суяклар тоифасига оид эканлигини кўзи кўрадиган ҳам кўрмайдиган кишилар жуда яхши биладилар…

Оврупо давлатларининг кўпчилиги қиролликлардир. Яъни, оқ суяклар тоифаси бу ерда расмиятда мавжуддир. Бу расмиятчилик ва рамзийлик холос, бу қироллар жамиятда мутлақ ҳокимиятга эга эмаслар, дейдиганлар қисман ҳақли бўлишлари мумкин. Аммо замонавий Оврупонинг аристократияси йирик корхоналар ва банкларнинг соҳибларидир. Улар ўзларига хизмат қиладиганлар тоифасининг (қора суяклиларнинг) бўйнига фоиз, деган занжирни тақиб қўйганлар…

Русияда Елсин замонида “ит эгасини” танимай қолган давр эди. Унинг ўрнига келган Владимир Путин қисқа муддатда “итларга” эгасини танитиб қўйди…

Осиёдаги қиролликларда ҳамма нарса ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак. Қирол оиласида туғилдингизми, энг камида ўн минг доллар ҳар ойда чўнтагингизга келиб тушади. Бу инсоннинг инсонийлиги бир пуллик бўлишининг эса аҳамияти йўқ. Муҳими қирол оиласида туғилиш….

Ўзимизнинг Туркияда ҳам кечаги кунга қадар мавжуд лаик тузумнинг имтиёзларидан фодаланиб, зодагонлик иддоа қиладиганларга “оқ турклар”, дейиш расм бўлганди.

Хўш, бу гапларни айтишдан мақсад нима ўзи?

Модомики инсонлар жамият ҳолида яшашга мажбур эканлар, бундай умумий ҳаётнинг бир тартиб-қоидаси бўлиши мутлақо шарт. Яъни, жамият ўз қолипига эга бўлиши шарт. Чунки тартиб-қоидаси бўлмаган жамият шакллари тарихда бўлмагани каби, назарий жиҳатдан бундай жамиятни (анархияни-қонунсизликни, бошбошдоқликни) орзу қилиш ҳам натижасиз қолганлиги бир ҳақиқатдир. Шундай экан, жамият қолипини ким ихтиро қилиши ва ясаши керак? Жамият учун бундай қолипни ижод қиладиганлар ўзларини оқ суяклар, ўзгаларни эса қорасуяклар, дейишга ҳақлидирларми?

Бу ҳақда ўйлайдиган ва айниқса турли жамиятлардаги “оқ суяклар” ва “қора суяклар”нинг аҳволига кўз югуртирадиган киши Ҳималай тоғларига чиқиб, бундай сохтакорлик ва ундан юзага келган зулм ва фасодни тамоша қилишни истайди, албатта. Аммо биз бу дунё ҳаётини томоша қилиш учун яратилмаганмиз. Бизнинг вазифамиз аввало инсон фарзандларининг “суяги” айни рангда эканлигини билишдан иборат. Чунки инсон инсондир, қаерда яшашидан ва қандай яшашидан қатъий назар инсон аввало инсондир…

Ҳамма инсонлар аввало инсон экан, нега инсонлар бир-бирларидан устун бўлишни истайдилар. Бундай истак табиийликми (фитрийликми) ёки бундай истак инсон табиатига зидми?

“У (Аллоҳ) сизларни ер юзида халифалар қилган ва Ўзи берган нарсаларда сизни синаш учун баъзингизнинг даражасини баъзингиздан устун қилган зотдир. Албатта, Роббинг иқоби тез зотдир. Ва, албатта, у мағфират қилувчи ва раҳмлидир» (Анъом сураси 165)

Бу ояти кариманинг моҳияти менинг тушунишимча шундан иборатдир:

“У (Аллоҳ)сизларни ер юзида халифалар қилган…”
Аллоҳ таоло инсонларни ер юзида халифалар қилиб яратган. Яъни, инсонлар ер юзида Аллоҳ таолонинг вакилларидир. Вакил бўлишнинг маъноси инсонларнинг ер юзидаги барча нарсага Роббим шуларни менга омонат қилди, шу омонат ўлчовида улардан фойдаланишим керак, дея эътиқод қилиб яшашдир.
“Ўзи берган нарсаларда ..”
Аллоҳ таоло инсонларга берган нарсалар, аввало инсоннинг ўзлигини ташкил қиладиган-руҳ, ақл, нафс, қалб ва инсоннинг моддий ва маънавий эҳтиёжи бўлган нарсаларнинг барчаси…

“…сизни синаш учун..”

Эй инсонлар, диққатли бўлинг бу нарсалар сизга бекорга берилмаган, аммо бу сиз учун бир имтиҳондир.

“…баъзингизнинг даражасини баъзингиздан устун қилган Зотдир”.

Демак, инсонларнинг ақлу закода, тадбиркорликда, жисмоний қувватда ва бу ҳусусиятлардан пайдо бўладиган жамиятдаги мавқеларида бир-бирларидан устун бўлишлари уларнинг табиатига (фитратига)з ид эмас экан. Аммо бу ҳақиқат ўзларини оқ суяк, қолганларни қора суяк ҳисоблайдиганларнинг дўппиларини осмонга отиб, севинишларига сабаб бўла олмайди. Ҳақиқатан ҳам инсонлар орасида жуда ақллилари бўлгани каби, содда нарсаларни тушунишда қийналадиганлари ҳам бор. Шунингдек, улар орасида тадбиркорлари бўлгани каби, ўз бошича иш қила олмайдиган ва бирон ишни амалга ошириш учун бошқаларнинг кўрсатмасига муҳтож бўлганлари ҳам бор. Инсонлар ичида жисмонан кучлилари бўлгани каби заифлари ҳам бордир…

Фақат инсонларни бир-биридан устун қилиб яратган Парвардигоримиз ҳақиқий устунликнинг ушбу жиҳатларда эмаслигини ҳам Қуръони Каримда очиқ-ойдин марҳамат қилгандир:

“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Ҳужурот сураси 13)

Инсонлар аввало бир эркак (Одам ас) ва бир аёл (Момо Ҳаво)нинг фарзандларидир. Уларни бу дунё ҳаётида бир-биридан устун бўлишига олиб келадиган жиҳатлар (ақл, зако, табдиркорлик, моддий имкониятлар ва ҳк) ҳам аслида Аллоҳ таоло тарафидан инсонларни синаб кўриш учун берилган. Қани инсон ўзига берилган устунликни нима мақсадда ишлатади. Ўзини оқ суяк, бошқаларни эса қора суяк дея хўрлаш учунми? Ёки ўзининг бошқалардан устунлигини Парвардигорининг неъмати, дея баҳолаб, бундай устунликни яхшилик йўлида ишлатиш учунми?

Ўзининг жамият аъзоси сифатида масъулиятини билишни истайдиган инсоннинг аввал тушуниши керак бўладиган ҳақиқат мана шундан иборат бўлса керак. Бу маънода инсон қанчалик ақлли бўлмасин, моддий ва маънавий жиҳатдан қанчалик кучли мавқега эга бўлмасин аввало ўз нафсига қарата ўзбекларнинг “мақтанма ғоз, ҳунаринг оз”, деган ҳикматли сўзини айтиши керак бўлади.

Аммо кишининг ўз- ўзини тарбия ва назорат қилишига ишорат бўлган бундай сўзни айтиш учун инсон ҳақиқий маънода бошқалар орасида устунликни қўлга киритишга ҳаракат қилиши зарур. Бу эса инсондаги тақво даражаси билан ўлчанади. Зеро, Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13 оятида тақводорларни Аллоҳ наздида ҳурматлироқ, устунроқ, дея марҳамат қилган.

Хўш, шундай экан, тақво нима ўзи?

Кўп манбаларда ва тушунтиришларда тақво банданинг Аллоҳ таолодан қўрқиши, дея изоҳ қилинади. Бу албатта, ҳақиқатдир. Аммо қўрқиш бандани Парвардигорига боғлаб турадиган ягона “ип” эмаслиги ҳам маълум. Шундай экан, тақвони банданинг Аллоҳ таолонинг амрларига шак-шубҳа қилмасдан эргашиши, дея ҳам таъриф қилиш ҳам мумкин. Худди энди оёғи чиққан чақалоқ онасининг этагидан ушлаб, унга эргашгани каби. Банданинг ўз Парвардигори иродасига эргашиши фақатгина қўрқув билан эмас, аввало муҳаббат, тавозе, чексиз ҳурмат ва одоб, Роббининг иродасидан чекиниш, Унинг азоби қаттиқ эканлигини унутмаслик, мутлақ таслимият, хушу ( манбаси севги ва қўрқув бўлган сергаклик) билан амалга ошади. Мана шундай инсон тақволи, яъни инсонлар ичида даражаси юксак инсон ҳисобланади.

Тақво неъматига эришган кишида на ўзининг оқсуяклиги, нада ўзгаларнинг қора суяклиги ҳақида иддоа бўлмайди. Аксинча бундай инсон “оқ суяклик, қора суяклик” фалсафасининг ёлғон эканлигини ҳаммага эълон қилади. Чунки у ёлғоннинг ҳар қандай шаклини (сўз ёки амалда) таг-томири билан рад қилади. Бу эса инсонлар орасида ҳақиқий устунликнинг бошланғич нуқтасидир. Ёлғондан қутулиш билан тақво йўлида илк қадамини отган инсон, бу йўлда иккинчи қадамини ҳам дадил ташлайди. Бу эса адолатли бўлишдир. Адолатли бўлишнинг талаби эса на золим бўлиш на да мазлум бўлишдир. Яъни, адолатли бўлиш ҳеч бир шаклда зулмга рози бўлмасликдир. Баъзи инсонлардаги золимдан ҳам, мазлумдан ҳам менга нима кайфияти, аслида зулмни қўллаб-қувватлашдан иборат. Шунинг учун ҳам зулм қаршисида овоз чиқармаслик тилсиз шайтонликдир, дейилган. Тақвони энг яхши сифатлайдиган хусусиятлардан бири Муҳаммад (сав)нинг ҳадисларида айтилгани каби мусулмон кишининг“тили ва қўли билан бошқаларга зарар бермаслигидир”.

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, ҳақиқий маънода тараққий қилган жамиятда устун мақомга эга бўлганлар тақводорлар ҳисобланади. Коммунистларнинг ҳам,фашистларнинг ҳам, атеистларнинг ҳам, касрачиларнинг, ҳаром йўлар билан топган сон-саноқсиз бойлигини ўзларига ягона шараф, деб биладиганларнинг ҳам, илми ва ақли қил қирқни ёрадиган аммо инсофдан хабари бўлмаганларнинг ҳам инсонлар орасида “оқ суяклик” иддоасини қилишга ҳақлари йўқ.  Аксинча бундайлар ва бундайларнинг олқишлари билан бошқарувни қўлга киритиб, диктаторлик, якка ҳокимлик-қироллик қиладиганлар, хуллас тақводан хабари бўлмай туриб, ўзларини оқ суяк, деб биладиганларнинг барчаси  юзлари қора инсонлардир…

 

Намоз Нормўмин, 7 апрель 2012