Суриядаги ҳодисаларга доир

Суриядаги ҳодисаларга доир
103 views
10 April 2012 - 10:06

Мўмин-мусулмон биродарлар!
Аллоҳ таоло барча аҳли илмларга – масжид имомлари бўлсин, ё минбарлардаги воизлар бўлсин ё оммавий ахборот воситаларида мақолалар эълон қилувчи кишилар бўлсин – барча аҳли илмларга одамлар учун ҳақни баён қилиб бериш ва уни беркитмасликни, мусулмонларнинг умумий аҳволлари ҳақида бўладими, хос ҳолатлари ҳақидами, ўзларига маълум бўлган барча ҳақиқатларни уларга рўйи-рост сўзлашларини фарз қилгандир.

Аллоҳ таолонинг қазо-у қадари тақозосига кўра одамлар икки қисмга – ҳокимлар ва маҳкумларга бўлингандир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амирлар ва ҳокимларнинг юклари нақадар оғир ва масъулиятлари нақадар улкан бўлишини баён қилиб берганлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда у зот: «Етти (тоифа) киши борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ Кунда уларни Ўз (арши) соясида соялантиради», дедилар ва уларнинг энг биринчиси адолатли имом (раҳбар) эканини баён қилдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларнинг ишларидан бирон ишга раҳбар ва масъул бўлган, кейин ўзига топширилган шу ишда уларга ноҳақлик ва зулм қилган кимса ҳақида зикр қилиб, шундай деганлар: «Эй Парвардигор! Ким умматимнинг ишидан бирон ишга бош бўлиб, уларга қийинчилик келтирса, Сен унга қийинчилик бер. Ким умматимнинг ишидан бирон ишга бош бўлиб, уларга раҳм-шафқат кўрсатса, Сен унга раҳм-шафқат қил» (Имом Муслим ривояти).

Яна айтганлар: «Қай бир ҳоким мусулмонлардан бўлган раият устига волий бўлиб, уларга хиёнат қилган ҳолда ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади» (Муттафақун алайҳ).

Раиятга хиёнат қилиш маъноси – уларнинг ҳақларини ейиш, ҳожатларини раво қилмаслик, давлат ишларини халқнинг фойдасини эмас, балки фақат ўз шахсий манфаатларинигина кўзлаб юритиш, деганидир.

Яна айтганлар: «Қай бир амир мусулмонлар ишига бош бўлса-ю, кейин улар ҳақларида саъй-ҳаракат қилмаса ва холис бўлмаса, улар билан бирга жаннатга кирмайди» (Муслим ривояти).

Яъни, ўз қўли остидаги мусулмонларнинг манфаатлари ҳақида қайғурмаса, уларнинг дардларига малҳам бўлишга ярамаса, фақирларига мадад қўлини чўзмаса, илмсизларини илмли қилмаса, очларини тўйдирмаса, жаннатга улар билан бирга кирмайди.

Яна айтганлар: «Ўз қўли остидагилардан озиқ-овқатини тўсиб қўйиши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади» (Имом Муслим ривояти).

Бу дегани уларнинг тирикчилик ва тижорат ишларига тазйиқ ўтказиши ё уларни қийнаб қўядиган даражада солиқлар солиши, демакдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳоким ўзи билан одамлар ўртасига тўсиқлар қўйиб, уларнинг арзу додларини ўзига етиб келишига йўл қўймайдиган ҳамда талаб ва эҳтиёжларини унга етказишларига имкон қолдирмайдиган ҳолатни вужудга келтиришидан, натижада очлар оч, сағирлар етим, хотинлар тул қолиб, муҳтожлар муҳтожликда кун кечиришидан, унинг ўзи эса халқнинг ҳолидан ғофил ва бехабар, қаср ва саройларда роҳат-фароғатда яшаб, қимматбаҳо ва дабдабали уловларда юришидан, уларга умуман эътибор қилмасдан фақат ўзи билан ўзи овора бўлиб кун ўтказишидан қаттиқ огоҳлантирганлар.

Абу Марям ал-Аздий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Ким мусулмонларнинг ишларидан бирон ишга волий бўлса-ю, уларнинг эҳтиёжлари, фақирлик ва муҳтожликлари олдида тўсиниб олса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг эҳтиёжи, фақирлик ва муҳтожлиги олдида ундан тўсинади» (Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 6595).

Мусулмон биродарлар! Исломий ўлкалар бир неча ўн йиллар мобайнида золим ҳокимлар зулми остида эзилиб келди. Улар одамларнинг мол-мулкларига, ҳақ-ҳуқуқларига зулм қилдилар, обрў ва номусларини поймол қилдилар, қамоқларга ташладилар, ўлдирдилар, улар ўртасида адолат билан ҳукм юритмадилар.

Бугунги кунда Суриядаги мусулмон биродарлар бошдан кечираётган тазйиқ-у қувғинлар, қама-қамалар-у ўлдиришлар, гўдаклар-у ожизаларнинг ҳолига заррача раҳм қилмаслик, электр энергияси ва сув каби ҳаётий эҳтиёжларни узиб қўйишлар, ҳаёт кечиришни ҳаддан ташқари оғирлаштириб қўйишлар, буларнинг ҳаммаси биз юқорида айтган зулм кўринишларидан саналади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди мана шундай ишларга қўл уришдан огоҳлантирганлар! Балки, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган бундан ҳам каттароқ иш бор!

Аҳли илмлар иттифоқ қилишларича, на набавий ҳадисларда ва на Аллоҳнинг Каломида Макка ва Мадинадан сўнг бирон ўлканинг фазилатлари борасида Шом ўлкасининг улуғ фазилатлари ҳақида келганидек сўзлар келган эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй Парвардигор! Бизга Шомимизга баракот ато этгин, Яманимизга баракот ато этгин» (Имом Термизий ривояти).

Яна айтганлар: «Шомга фароғат бўлсин! Шомга фароғат бўлсин! Шомга фароғат бўлсин!». «Нега ё Расулуллоҳ?», деб сўралганида: «Чунки, Раҳмоннинг малоикалари Шом узра қанотларини ёйиб турибдилар», деганлар (Термизий ривояти).

«Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Умматимнинг бир тоифаси ҳақ узра зоҳир бўлиб қолаверади, то қиёмат уларга қарши чиққанлар ҳам, ёрдамсиз қўйганлар ҳам, уларга ёрдам беришда ёки улар билан бирга туришда қосирлик қилганлар ҳам зарар етказолмайди». «Улар қаердалар, ё Расулуллоҳ?», деб сўралганда: «Улар Шомда», деб жавоб берганлар.

Бу жуда улуғ фазилатлардир.

У Аллоҳ таоло Қуръонда «баракотли қилиб қўйдик» деб зикр қилган муборак ердир.

Аллоҳ таоло айтади: «(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитувчи, кўрувчи зотдир». (Исро: 1).

Аллоҳ таоло Шомни динида баракотли қилди, аҳлининг солиҳлигида баракотли қилди, уни яхшиликларида баракотли қилди.

Кейинги даврда эса Шом ерига тоғутлар (золимлар) ҳукмрон бўлиб, Шом аҳлига қилган ёвузликлари билан унинг баракотини кетказиб турибдилар, бу эса то Аллоҳ таоло бу ҳолдан қутулиш йўлини қилиб бергунича давом этувчидир: «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир» (Ҳаж: 39). Улар устига ёпирилган зулмат нечоғли узоқ бўлмасин, албатта уларга нусрат келгусидир!

Аллоҳ таоло солиҳ йўлбошчилар қўл остига бириктирган бу халқлар ўзидан зулмни улоқтириб ташлаш ва золимларга қарши қўзғолишга турди. Аллоҳ таоло мўминларга бир-бирларига ёрдам беришни фарз қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мўминларнинг ўзаро дўстлашиш, бир-бирига раҳм-шафқат кўрсатиш ва меҳр-оқибатли бўлишдаги мисоллари битта жасад мисолидирки, жасаднинг бир аъзоси оғриса, бошқа барча аъзолари бедорлик ва иситмада ҳамдард бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Сурия оғриса, Миср оғриса, Ливия оғриса, Тунис ё бошқа бирон бир аъзоси оғриса, жасаднинг бошқа аъзолари бедорлик ва иситмада ҳамдард бўлмоғи, унинг тузалиши ва елкасини эзиб ётган зулмни улоқтириб ташланишида унга кўмак бермоғи лозим бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бир киши мусулмон кишини обрў-номуси тўкилаётган ва ҳурмати поймол қилинаётган ўринда ёрдамсиз қўйса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ёрдамини истаб турган ўринда ёрдамсиз қўяди. Қай бир киши мусулмон кишига обрў-номуси тўкилаётган ва ҳурмати поймол қилинаётган ўринда ёрдам берса, Аллоҳ таоло унга Ўзининг ёрдамини истаб турган ўринда ёрдам беради» (Абу Довуд ривояти).

Яна айтганлар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қўймайди» (Имом Муслим ривояти).

Яна айтганлар: «Мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир» (Имом Муслим ривояти).

Мусулмон биродарлар! Шом ўлкаси Исломнинг маданий марказидир, унинг тақдири Ислом билан чамбарчасдир.

Кейинги ўн йилликлар мобайнида бирон бир араб тузумининг Сурияда ҳукмрон бўлиб турган тузумчалик катта жиноятларга қўл урганини билмаймиз, ҳеч бир сиёсий тузумда Суриядаги тузумда бўлганича ёмонликлар йиғилмаган, Исломга ва арабликка унинг хиёнати қадар улкан хиёнат қилинмаган. Сурия бугун унинг бошида ўтирган золимнинг отаси ҳукмронликка ўтирган пайтдан бошлаб, қирқ йиллик зулм ва хиёнат остида эзилиб келмоқда. Ота-бола қирқ йилдан бери халқни куч ва зўрлик билан, махсус хизматларнинг золимлари воситасида қўрқувда тутиш билан бошқариб келмоқда. Бугунга келиб Сурия улкан кушхонага айланди, Диръада бўлсин, Ҳимсда бўлсин, Ҳалабда ё бошқа ерларда бўлсин, бегуноҳ халқлар қонга ботирилмоқда, ҳар жой ва ҳар маконда етимлар ноласи, бевалар оҳ-воҳи самога ўрламоқда, қамоқлар зулмга қарши чиққан инсонлар билан тўлиб тошди. Башшорнинг ва унинг атрофидаги фожиру золимларнинг туғёнкорлиги шу даражага етди бугун!

Диръада мусулмонларга масжидлар ёпиб қўйилган, тўқнашувларда жароҳат олганлар муолажаси учун черков очиб уни шифохонага айлантиришга мажбур бўлишган.

Бугун тонгда менга қўнғироқ қилиб хабар беришларича, кеча золимнинг аскарлари бир қанча имом-хатибларни ҳибсга олганлар, мақсад ё одамларни жумъа намозисиз қолдириш ё эса уларни яхшилик ва нажотга йўлловчи хатиблардан маҳрум қилишдир.

Шаҳардаги айрим уйлар қўшни мамлакатдан ўтгани айтилаётган снайперлар билан тўлган, улар гўдакларни, эркак-у аёлларни нишонга олишмоқда. Кўчадан ўтаётган инсон борки, ҳаммасини отиб ўлдиришмоқда.

Иш шу даражага бориб етганки, Аллоҳдан қўрққанидан бегуноҳ инсонларни ўлдиришдан бош тортган ҳарбийларнинг ўзлари ҳам тузум ўқига дучор бўлмоқда ва очиқдан-очиқ отиб ташланмоқда. Диръа аҳлидан бирининг менга айтиб беришича, улар йўлларда ўлиб ётган юзларча ҳарбийларни кўришган, уларни ўз сафдошлари отиб ўлдирган экан. Аллоҳ таоло айтади: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул-вадоъда турли ўлкалардан келган ўн минглаб кишилар олдида қилган хутбаларида шундай дегандилар: «Сизларнинг қонларингиз, молларингиз, обрў-номусларингиз мана шу шаҳрингиз, мана шу ойингиз, мана шу кунингизнинг ҳаромлигидек ҳаромдир. Огоҳ бўлингиз, етказдимми?!». Саҳобалар: «Ҳа», дедилар. «Парвардигоро, Ўзинг гувоҳ бўлгайсан. Шу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсинлар! Зеро, баъзи етказувчилар бўладики, ўзидан кўра яхшироқ англайдиган кишиларга етказадилар», дедилар. Яна айтдилар: «Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич соладиган кофирларга айланиб кетманглар!». (Муттафақун алайҳ).

Абу Довуд, Ҳоким ва Насоий ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир гуноҳни шоядки, Аллоҳ кечирар, бироқ бир киши кофир бўлиб ўлса ёки бир киши бир мўминни қасддан ўлдирса (уни кечирмайди)». Кейин дедилар: «Ким бир мўминни қатл қилиб, шу иши билан хурсанд бўлса, Аллоҳ унинг на нафл, на фарз (ибодат)ини қабул қилгай» (Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дунёнинг заволга юз тутиши Аллоҳ наздида битта мусулмон кишини ноҳақ қатл қилишдан кўра енгилроқдир» (Насоий ва Термизий ривоятлари).

Термизий ривоят қилган ҳадисда яна шундай деганлар: «Агар осмон аҳли ва ер аҳли бир мўминнинг (ноҳақ тўкилган) қонида шерик бўлсалар, Аллоҳ таоло албатта уларнинг ҳаммасини дўзахга ташлайди».

Ҳофиз Асад ўттиз йил олдин минглаб аскарий кучларини одамлар устига ташлаган ва уларни қўй бўғизлагандек бўғизлатган, йўллардами, уйлардами, тўғри келган жойда одамларни ўлдиртирган пайтдаги фожиалар жароҳатидан ҳали ҳануз қонлар чаккиллаб турибди. Ўша даҳшатлар ичида қабрларга ё ертўлаларга яшириниб олиб, тирик қолган кишиларнинг бошларидан ўтказган кунлари ҳақидаги ҳикояларни ўқисангиз, ишонч билан айтаманки, охиригача ўқий олмайсиз!! Бу ҳодисалар мўғулларнинг Ҳулагу бошчилигида қилган хунрезликларини, уларнинг Бағдод аҳлининг қони-ю молини ҳалол санаб, одамларни бирма-бир тиғдан ўтказганларини, Исломнинг ҳолига унинг душманлари бўлган яҳудлар ҳам йиғлаганини ёдга туширади.

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ 1982 йили мазкур тоғутга йўллаган мактубларида: «Нега мусулмонларни ўлдирасан?! Нега улар хусусида бундай машъум ишларни қиласан?!» деб, уни Аллоҳнинг ғазабидан огоҳлантирган, бу каби жиноятни қилишдан қайтариб, насиҳат қилгандилар.

Мен бундан йигирма йил олдин шайх Аҳмад ал-Қаттоннинг —ҳафизаҳуллоҳ — бир шаритини (аудиокассета) эшитгандим. Унда шайх Суриянинг Ҳофиз Асад давридаги ҳолати ҳақида сўзлаган ва сўзлари орасида шундай деганди: «Шом тоғутининг қамоқхоналарида ётган муслималар чиқарган хатда шундай сатрлар бор: «Эй мусулмонлар! Биз ётган қамоқхонани портлатиб юборинг! Бу кунимиздан ўлганимиз яхши. Чунки, нозирлар бизнинг номусимизга тажовуз қилишди, биз ҳомиладорликнинг охирги ойларидамиз!». Шундай деб шайх йиғлаб юборганди. Аллоҳга қасамки, ҳозир ҳам ўша хутба қулоқларим остида жаранглайди: «Қайси осмон бизга соя беради, қайси ер бизни кўтаради, қайси кийим бизни яширади, муслима сингилларимиз шу аҳволда ётсалар, қамоқда, золимнинг аскарлари томонидан зўрлансалар?!!».

Мен бу сўзларни йигирма йил муқаддам эшитганман, бироқ шу бугунгача ўша қамоқхоналарда худди шундай ишлар давом этмоқда! Мисрда бўлсин, Тунисда бўлсин, Сурияда бўлсин, Ливияда бўлсин, қамоққа тушиб чиққан мусулмон биродарни кўрсангиз, улар тортган азоб-уқубатларни эшитсангиз, Сурия қамоқларида қўлланаётган қийноқ ва азоб турлари ваҳшийлиги ва жирканчлиги жиҳатидан ҳаммасидан ўтиб тушишига гувоҳ бўласиз.

Улар ихтиро қилаётган қийноқ ва азоблаш услубларини эшитсангиз, наҳотки, шу ишларни одам боласи қилса, деб ҳайрон бўлиб қоласиз. Мен ҳозир баъзиларингизнинг юраклари ёмон бўлиб қолишидан қўрқмаганимда, ўзим ўша қамоқхоналарда ётиб чиққан кишилардан эшитган азоб ва қийноқлардан баъзиларини айтиб берган бўлардим.

Киши ўз оиласидан йигирма йил, ўттиз йил ва ҳатто қирқ йиллаб йўқ бўлиб кетиши, бирон киши унинг қаердалигини, тирикми ё ўликмилигини билмай қолавериши табиий бир ҳолга айланиб қолган у ерларда!

Икки-уч кун олдин аэропортда ўзи Суриялик, Саудияда ишлайдиган бир киши билан кўришиб қолдим. Ундан Суриядаги яқинлари ва ота-онасининг ҳолидан сўрасам айтадики: «Ўттиз саккиз ёшга кирган бўлсам, отамни ҳали кўрмаганман, мен туғилмасимдан қамалган эканлар, ўлик ё тирик эканларини билмаймиз!».

Бу не туғён!! Не зулм бу ўша золим ва унинг шотирлари қилаётган қабиҳликлар!! Бу не ҳол, инсонларни қулликда тутиб туриш!!

Сизни ишонтириб айтаманки, ўша қамоқхоналарнинг ҳаммасини айланиб чиқсангиз ҳам, Жўлон тепаликларида қилган жиноятлари учун қамалган битта ҳам яҳуд аскарини тополмайсиз! Жўлон бу золимнинг отаси томонидан яҳудларга совға қилиб юборилди, кейин унинг ўзи ўн бир йил муқаддам ундан бутунлай воз кечиб юборди!

Бу золимнинг ишларини кўрсангиз, унинг зулми фақат ва фақат Аллоҳнинг солиҳ бандалари устига тушаётганини кўрасиз.

«Дарҳақиқат Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни Бани Исроил қавмини) хорлаб ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди» (Қасас: 4).

Ҳа, биринчи рақамли золим Фиръавн бўлган бўлса, бугун ҳам мана бу золим каби зулмда унга тенглашишга уринаётган ва бу йўлда мусобақалашаётган унинг издошлари бисёрдир.

Бу ифлос арабларга ёлғон сўзлайди, араблиги билан фахрланади! Бироқ, ён қўшниси бўлмиш яҳудларга улар Ғаззада нечоғли хунрезликлар қилган ва арабларнинг ҳурматларини нечоғли поймол қилган бўлмасин, қанчадан-қанча инсонларни қатл қилган ва гўдакларини етим қилган бўлмасин, уларга қарата биргина бўлса-да ўқ отмади! Уларга қарши биргина бўлса-да сўз қотмади! Аксинча, фақат ўз шахсий манфаати йўлида уларга мусулмонларнинг ерларини қўрқоқларча, икки қўллаб топширди!

У Сурия аҳлини тоифачилик гирдобига улоқтиришга жон-жаҳди билан тиришмоқда!

Бугун Сурияда ҳамма унга қарши қўзғолган, аҳли суннаси ҳам, шиъаси ҳам, насронийлари ҳам, нусайрийлари ҳам, алавийлари ҳам, ҳамма-ҳамма зулмга қарши қўзғолган. Бу хабис эса улар ичига фитна уруғлари қадашга, уларни бир-бирлари билан овора қилиб қўйишга уринмоқда. Аллоҳ таоло Фиръавн ҳақида айтганидек: «Унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани хорлаб ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди» (Қасас: 4).

Мусулмонлар! У ердаги биродарларимизнинг аҳволи барчамизга қўлимиздан келган барча ёрдамни беришимизни тақозо қилмоқда, мусулмон давлатлар ҳокимлари — кўпинча бу золим билан ҳар хил мажлис ва маросимларда кўришиб турадиган мусулмон раҳбарлар — зиммасига унга насиҳат қилишни, қилмишларининг нохуш оқибатларидан огоҳлантиришни, муаммони халқаро миқёсга олиб чиқишни вожиб қилмоқда. Биздек оддий мусулмонларга эса у ердаги биродарларимиз ҳақларига дуо қилиш ва улар ёнида елкама-елка туриш билан ёрдам кўрсатишни, қўлимиздан келганича матбуот орқали, минбарлардаги хутбалар воситасида зулмга қарши ҳаракатда иштирок этишни лозим қилмоқда. Шояд, Аллоҳга йўлиққанимизда биродарларимизга нусрат кўрсатишда қосирлик қилганлар қаторида туриб қолмасак.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Суриядаги биродарларимизга Ўзи ёрдам беришини сўрайман. Уларнинг қонларини ноҳақ тўкилишдан сақлашини сўрайман. Аллоҳ таолодан уларнинг шаҳидларини Ўз даргоҳида қабул қилишини сўрайман. Аллоҳ таолодан мазкур золим ва ботилда унга ёрдам бераётган жамоаси устидан Ўзининг ажойиб қудратини кўрсатишини сўрайман.

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арийфий

islamnuri.com