Муаммолар илдизига сарф эт ғазабни (Audio)

Муаммолар илдизига сарф эт ғазабни (Audio)
26 views
13 April 2012 - 10:54

 

[soundcloud id=’43207273′]

Яқиндагина вафот қилган Жамшид Зокировнинг (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) бир неча йил илгари эфир орқали ҳар куни қайта-қайта бир реклама блоги ёдимга тушди:  Ўтирибсиз телевизор кўриб, у ёқда одамлар лотореядан Нексия ютиб олишмоқда …

Шу хаёлимга келар экан, ўйланиб қолдим, ўтиравериб-ўтиравериб, бари мушкулликка кўзни юмавериб, юрагимизни зардобга тўлдириб, кетимизни қадоқ бостириб, яна нималар йўқотмоқдамиз экан?

Собиқ Иттифоқ даврида колхоз раиси дейилганда, кишиларнинг кўз олдига басавлат, бошида қоракўл телпаги, оёғида хиром этик кийиб даладаги ишчиларга “Хорманглар!” дейиши бир ажиб ғайратга сабаб бўлувчи инсон намоён бўларди.

Бугунги кундан колхозлар тугатилиб, фермер хўжаликларига айлантирилди, раҳбарлари “Фермер” деб аталди. Ҳар бир фермерда ўртача 50-100 гектардан ерлари мавжуд. Аммо эй фермер бува, фермер эрталабдан кечгача офтоб тиғида куймасдан, аёз изғиринида тинмасдан эришганингиз минерал ўғит учун қарз, прокурордан тортиб ҳокимларгача эшитганингиз дашномлар бу хизматингизда миннатдорчиликми?

Шунча ернинг кучини кетказиб, тузини чиқариб, меҳнатингизни аямай, куну-тун заҳмат демай пахта етиштирасиз-у, нега фарзандларингизга доим Хитойда ишлаб чиқариладиган синтетик матодаги либослардан кийинтирасиз? Куз фаслида ёппасига барчани пахтага жалб қилиниб, қўл меҳнати орқали сотиладиган бу пахталарнинг бир килограмми 24 АҚШ долларидан сотилади-ю, аммо сиз 400-500 сўмгина олиб, хурсанд бўласиз. Шу сиз етиштирган пахтангизнинг чигитидан олинадиган омухта емларни яна килограммини 1500 сўмдан сотиб олиб, чорвангизга қишлайсиз.

Шу сиз етиштирган пахтанинг чигитидан олинган ёғға навбат кутишга фарзандларингизни масъул қиласиз. Ўзингиз эса бу вақт ё прокуратурада, ё хокимиятда, ё далада бўласиз. Барини тушунасиз, аммо начора дейсиз-у, яна ароқ ичасиз. Кошкийди, бу билан нимадир ўзгарса. Кошкийди ҳеч бўлмаса бир бора жасоратингиз уйғонса…

Сиз эса ичингизга ютиб ўтираверасиз.

2010-2011 йил тадбиркорларга анча талофотлар йили ҳисобланди. Кўпчилик қилган иши савдогарлик, тадбиркорлик ҳамда бой бўлгани эди айби. Буларни ҳаммангиз биласиз. Жуда кўп воқеаларга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз. Шулардан оддий бири – “Бунёдкор” стадиони қурилиши Зеромакс ширкатининг банкрот бўлгани сабабли ўзбекистон ИИВ зиммасига топширилди.

Шундан бир оз вақт ўтгач, темир бозорида рейд бўлиб, барча савдогарларнинг товарлари мусодара қилинди. Ваҳоланки, ҳар бир савдогарда товарини заводдан олиб чиққанини тасдиқловчи ҳужжатлар, савдо қилиш патенти, хуллас барча ҳужжатлари мавжуд эди. Аммо нега мусодара қилинди? Сабаби, бир неча йиллардан буён фаолият юритаётган қурилиш моллари бозорнинг ҳужжати ноқонуний экан!!! Шу сабаб, ичида савдо қилган савдогарларнинг товари мусодара қилинибди…

Ҳар бир савдогарда камида 30-40 минг долларлик товар бор эди. Энг оддий ҳисобда ва энг камида. “Мол аччиғи – жон аччиғи” дегандек, савдогарлар хаққини талаб қилиб ҳукуматга боришса, шунча пулни қаердан олган эдинг? деб уларни ўзини қамашибди. Ҳар бири МХХнинг терговига чақиртирилибди… Бу каби воқеаларни кўп эшитганингиз учун, оддий ҳолдек қабул қилдингиз-а? Нега? Эй тадбиркорлар, уддабуронлик билан ҳамма қонун томондан фаолиятингиз чекланиб қолган тўсиқларга чап бериб йиғған пулингизни бир кунда йўқотиб ҳам ўтираверасизми?

Сўнгги вақтларда бот-бот хайдовчиларнинг, айниқса аҳолига хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларининг қўрслиги ва номувофиқ сўзларни омманинг орасида гапириши, сўкиниши асосий мавзуга айланиб қолди. Аммо қачон бунинг сабабини ёритамиз? Ахир, тонгдан тунгача эл хизматидаги бу соҳа кишилари нега бу қадар  баджаҳл бўлишаётгани хақида ўйлаб кўрмаймизми?

Сабаби жуда оддий: Тошшахартранс аҳолига қулай бўлиши учун ойлик йўл чипталарини муомалага чиқарган. Бу талаба ва ходимлар учун қулай воситадир. Аммо бундан ҳайдовчиларга асло наф йўқ, фақат зарар. Чунки шўрлик ҳар бир ҳайдовчига нақд пулда 400-500 минг кунлик режа қўйилган. Агар режа бажарилмаса, маошдан қолди дегани. Охир-оқибатда ҳайдовчи-ҳайдовчини сўкади, интервални бузма манга ҳам мижоз қолсин деб. Чиптачи ойлик йўл чипталик йўловчига жаҳл қилади-текинхўр деб. Аҳоли эса ҳайдовчидан шикоят қилади маданиятсиз деб.

Эй, барака топгурлар! Бир-бирингизга аччиқ қилиб ўтирмасдан, нафратингизни шу номутаносибликни юзага келтирган илдизга сарф қилмайсизми?

Ҳамюртлар, ўзимизда ишлаб чиқарилган шаҳар транспортларида юрасиз. Яхши ният деб таннархидан 5 баробар қиммат ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобилини сотиб оласиз. Уларга эса ўз юртимизда қазиб олинадиган нефть махсулотлари сарф қиласиз. Сотиб олсангиз қиммат, бунинг устига йўл солиғи ҳам бор ҳар литрда. Доим ёқилғидан норозисиз, сифатсизлигидан. Доим асабийсиз, йўлларнинг ўнқир-чўнқиридан. Аммо ўзингиз ҳам биласизки, бу тўлаётган йўл солиқларингизга ҳар йили Ўзбекистонни 7 қарич асфальт қилишга етишини.

Аммо биласиз-ку, нефт ўзимиздан чиқишини. Сиз эса кибрланиб автомобилдан ўтираверасиз…

Ҳа, укагинам, орзу-хавас деб уйландинг, аммо ишингнинг тайинсизлиги сабаб бошингни қайси деворга уришни билмай юрибсан. Келин хомиладорлиги учун 3 кундан бери мева сўрайди, сен эса ҳар куни уйга қайтганинда, унутибман деб алдаб қўяқоласан. Оламан дейсан-у 4000 сўм. Иккиланасан. Чунки ойлигинг нари борса 300 минг сўм. Хали чироқ, хали газ, ахлатга, сувга… ойлик маошингни учдан иккиси кетди хисоб. Қолганига нон ва у-бу кичик рўзғор билан учма-уч яшамоқдасан. Гўштни ўтган ойда нахорги тўй ошида еганингдан буён қачон егандинг? Чироқ ҳам, газ ҳам, сув ҳам ички мамлакат шароитидан олинишини биласан. Халқаро майдонларда Ўзбекистонда ойлик маоши ўртача 1100 доллар деб бонг ураётганларни нега бўғмайсан? Сен эса аламингни аёлингдан олиб жаҳл қиласан. Уйланиш ёмон деб нолиб ўтираверасан.

Сиз-чи, юрт осойишталиги учун хизматдаман деб ғурурланган киши?! Меҳнатингизни, эл тинчлиги учун куюнишингизни ҳурмат қиламан. Бу учун яхшигина маош оласиз. Нафақага эрта чиқиб эвазига уй ва кўп миқдорда нафақа олишингиз сизга умид беради. Аммо сиздан илгари ва сиз билан билан ёнма-ён шу хизматларни қиламан, деб шу нафақага етмасдан ҳамкасбларининг қопқонига тушиб хор бўлганини, ёки одамлар қарғишига қолиб итдан баттар ўлим топганини, ёки қамалиб қолган умрини чириб ўтказаётганини билсангиз ҳам шу ишни танлаб, келажакда сизни ҳам шу каби тақдир аниқ кутса-да, сиз ҳам ўтирибсиз  кавлаааб.

Бир болага етти маҳалла ота-она деймиз-ку, аммо қанча қанча фарзандлар четда фоҳиша бўлса-да, пинак бузмаймиз. Аксинча лой чаплаб, ғийбатдан нарига ўтмаймиз. Қўшнининг ўғли Россиядан касал бўлиб қайтса жон куйдирмаймиз, ўзини ҳаёти деб юз бурамиз. Аммо нега шунча серқуёш, серҳосил, сердавлат юртимизда кимлардир хор, кимлардир зор бўлиб яшаймиз?

Бу ёзганларимни ўқиганлар кимдир фикрларимни тасдиқлар, кимдир ўйланиб қолар, кимдир ачинар, кимдир ғазабланар… Аммо барибир қўл қовуштириб ўтираверамиз.

Ўтирибсиз телевизор кўриб. Бу ерда умр ўтиб кетмоқда. Гапларим интихосида Ўткир Хошимовнинг “Дафтар хошиясидаги битиклар” китобидан бир сатрлар келтириб ўтмоқчиман. (Китобдаги аниқ сўзма-сўз ёзиб алоҳида юбораман, маъноси шундай эди): Кунларнинг бирида телевизорда фильм намойиш қилинди. Қатағон даври хақида. Фильмда икки плашч кийган киши бир уйдан эркакни олиб чиқиб машинага солиб олиб кетишар, уларнинг изидан эса норасида фарзандини кўтарганча йиғлаб аёл ва болалар югурар, ён атрофдаги одамлар эса қараб туришар эди. Бири ачиниш билан, бири хайрат билан, яна бири беҳаё илжайиш билан.

Хойнаҳой шу халқ душманини керакли жойга чаққан сиёсий хушёр бўлса керак.

Орадан вақт ўтиб бу фильмни унутган эдим-ки, телевизорда ҳайвонот дунёсини кўрсатди. Бир йўлбарс писиб келиб, маймуннинг нимжон боласига ҳамла қилади. Буни кўриб атрофдаги маймунлар мўр-малахдек йўлбарсга ёпишиб, бири тош, бири банан яна бири ёғоч билан ҳужум қилишди ва бахайбат йўлбарсни қувишди. . .

Ростини айтсам, маймунларга ҳавасим келди.

 

Ибн Жулқунбой

turkiston.tv/radio