Тошбақа фалсафасининг қули бўлмайлик

Тошбақа фалсафасининг қули бўлмайлик
64 views
17 April 2012 - 8:27

Ёшлигимда илк бор тошбақани кўриб, дадамдан “Нега у бу тошни кўтариб юради, юришга қийналади-ку?” деб сўраганимни эслайман.

Дадамнинг бу саволимга жавобини эса хозиргача унутмайман.
“Бу тош унга берилан жазо, ўғлим. Бир вақтлар бу жонзод бунчалик хам ожиз ва нотавон бўлмаган, балки, бошқалар қатори эпчил ва чаққон, душманига чапдасд бир махлуқ бўлган экан. Бир куни юртга душман хужум қилибди. Хамма тирик жон ўз эркинлиги ва юрти учун курашга отланибди. Кенг далалар, тоғу тошлар қонли жанохларга айланибди. Буларни кўрган бу жонзод қаттиқ қўрқибди. “Ўлиб кетмай бу қирғинда. Жонимни сақлай, кейин бир гап бўлар” дебди-ю, бола-чақаси ва қариндош-уруғини олиб, тошлар остига кириб беркинибди. Орадан бир муддат вақт ўтгач, жанг суронлари тинибди ва юрт яна эркин бўлибди. Шундан сўнгина ковакда беркиниб ётган жонзод, ташқарига чиқибди. Не кўз билан кўрсинки, ўзининг ва хар бир беркинган жонзоднинг елкасига тош ёпишиб қолганмиш. Юрт эркинлиги, мустақиллиги учун курашдан кочган бу жонзодлар ўшандан буён тошбақалар деб аталаркан”.
Дадамнинг жавоби менинг шууримга ўрнаб қолди.
Баъзан интернет сайтларида ёки ўзаро суҳбатларда миллатимизнинг бугуни хақида бахслашиб қоламиз. Нега шу ахволга тушдик? деган саволга жавоб қидирамиз.
Ўзбеклар ўз юртидан тирқираб қочиб чиқаяпти, бошқа юртларда “гастарбайтер” ва ундан-да хунук номларни олиб тирикчилик қилаяпти. Нега? деб ўзимга савол бераман ва хаёлимга тошбақа хақидаги дадам айтиб берган ривоят келаверади.
4 йилдан буён Канадада яшайман. Шу ерда ва бошқа мамлакатда яшаётган ўзбекларни кўпчилиги билан танишдим. Уларнинг жуда жуда кўпчилиги мен билан танишаркан, “Мухолифатчимисиз?” дейишади. Менинг “Ха” деган жавобимдан сўнг эса, уларнинг ярмидан кўпи қайтиб мен билан алоқага чиқмайди. Хаттоки уларнинг баъзилари, “Илтимос, мени алоқалар рўйхатингиздан ўчириб юборинг” деган мазмунда хат ёзади ва ғойиб бўлади. (ёки, “Тинчгина юрай” деб ковагига кириб кетади…)
Фейсбук, Одноклассники, Мой мир, Твиттер каби ижтимоий тармоқлардаги “дўст”ларимизга баъзан ўзимни танитмайман. Чунки миллат озодлиги, диктатура, мухолифат, Ўзбекистон келажаги хақида гаплардан улар қочишади. Бу хақда гапираверсангиз, сизни дарров “удалить” қилишади…
Нега десангиз жавоб битта “Тинч ўтирайлик ака, яхши кунлар хам келиб қолар”…
Яхши кунлар албатда келади. Юртимизда хам тонг отади албатта. Адолат ғалаба қозонади. Омон-омон кунлар бошланганда, аста секин беркинган ковакларимиздан чиқиб келамизми, елкамиздаги оғир тошни кўтариб?
Бугун ўзбекларни камоқларда қийнаб ўлдиришяпти, нонингни топ деб юртдан қувиб солишяпти, болаларини қул каби далада ишлатишяпти, хотинларини бичиб қўйишяпти… Бизлар эса бунга қарши кураш йўлларини қидириш, юртимиздаги диктаторга қарши курашиш учун фикрлашиш, бир биримиз билан жипслашиш ўрнига, ЎЗИМ, ОИЛАМ ТИНЧ БЎЛСА БЎЛДИ, ҚОЛГАНИ ҚИРИЛИБ КЕТМАЙДИМИ деган ақидани қулига айланиб қолаяпмиз. Ва аста-секин елкамиз тошга айланиб бораётганини сезмаяпмиз…
Кураш кунлари қаерда эдинг, нега овозинг чиқмаган эди, нима учун душманга қарши бир калима айта олмадинг, деган саволларга нима деб жавоб берамиз?
Нима учун ўзингдаги ақлни, бойликни, билимни миллат қийналган пайтда яширдинг? деган савол, елкамиздаги тошдан хам оғирроқ туюлмайдими ўшанда?
Дадам ўша ривоятни айтиб берганидан сўнг мен “Нимага у бу тошни ташлаб юбора олмайди?” деганман.
Дадамнинг жавобини эса мен хозиргача эслайман.
“Ўғлим, бу тош қўрқоқлик ва заифлик юки. У сенга бир ёпишиб қолдими, ундан қутула олмайсан”
Бундай юкдан Аллоҳнинг ўзи асрасин хаммамизни!

 

Улуғбек Ҳайдаров
Канада