«Бабаян, в отставку-2» ёхуд сиқувга олинган мухлис қисмати

«Бабаян, в отставку-2» ёхуд сиқувга олинган мухлис қисмати
62 views
18 April 2012 - 12:08

Ҳинд кино ихлосмандлари яхши биладиган «Қўрқув» деган кино бор. Ўша кинода ўз севганига муҳаббатини ошкор этолмаган йигит охир-оқибат севган қизини қўрқувга солиб қўяди. Натижада, қизнинг кўнглида унга бўлган нафрат ошиб, кўришга тоқати бўлмай қолади. Ҳинд кино ижодкорлари томонидан мелодрама жанрида суратга олинган мазкур фильмда қўрқитувчи ролини маҳорат билан ўйнаган Шоҳруҳхон аслида ҳаётда ҳам шундай инсонлар борлигини қойилмақом тарзда очиб берган. Шу топда кино ва футбол орасида нима боғлиқлик жиҳати бор деган ҳаёлга ҳам келишингиз мумкин. Аслида икки соҳани бирлаштирувчи нарса, бу – мухлисдир. Кино ҳам, футбол ҳам, айнан мухлислар учун ўйналади.

Ўтган ҳафта ўзбек футболида «3:1» ҳафталиги бўлди десак муболаға қилмаган бўламиз. Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони «Бунёдкор» ва ОФК Кубоги соҳиби «Насаф»нинг худди шу ҳисобдаги мағлубияти-ю, орадан бир кун ўтиб ўзича нималарнидир қилиб юрадиган «Нефтчи» ва икки йил ўтибди-ки, жамоамиз ёш, деб қария футболчиларни йиғиб олган «Пахтакор»нинг ўша ҳисобдаги ғалабаси том маънода сенсация бўлди.

Гарчи ҳеч ким кутмаган, бир хил ҳисобдаги аламли мағлубият ва омадли ғалаба нашидаси уфуриб, ҳамма лол қолган бўлсада, ҳафтанинг энг шов-шувли воқеасини ҳеч шубҳасиз «Пахтакор» мухлислари амалга оширишди. Ҳа, ўша сиз ҳамон кўз олдингиздан кетказа олмаётган, «Жар» стадионида кўтарилган «Бабаян, в отставку!» деган баннер!

Саноқли сониялар ичра мухлислар нигоҳини ўзига қарата олган баннер тез орада ҳамманинг диққат марказида бўлди. Гарчи ушбу баннер қисқа фурсат дунё юзини кўрган бўлсада, тез орада ички ишлар ходимлари томонидан олиб қўйилганлиги борасидаги хабар интернет нашрларида ҳам тарқалишга улгурди…

ҚЎРҚИНЧЛИ ТУН

Ҳар доимгидек иш билан машғул бўлиб турганимда нотаниш рақам қўнғироқ қилди. Тўғриси хаёлимга бирдан ўша кинодаги сюжет ёдимга келди. Негадир телефонни кўтаргим келмасди. Бироқ, балки бирор бир яқин танишим қўнғироқ қилаётган бўлса керак, деган хаёл билан телефон гўшагини кўтардим.

«Ассалому алайкум ака, мен «Пахтакор» фан клуби аъзоси Азиз Қурбонов бўламан. Сиз билан гаплашиб олсам бўладими?», деб қолди. Нега, нима учун ярим тунда менга қўнғироқ қилиб гаплашиш ниятида бўлган мухлиснинг асл мақсадини билмай ҳалакман. Аммо кечаги «Бабаян, в отставку!» деган баннер тўғрисида сизга айтадиган гапларим бор дегандан сўнг у билан учрашишга келишиб олдим.

Эртаси куни келишилган жойда иккимиз кўришдик. Юз-кўзидан футболнинг ашаддий мухлиси эканлиги билиниб турибди. Аммо кўринишидан уни нимадир безовта қилаётгандек.

– Азизбек, нега бунча безовтасиз?
– «Пахтакор»нинг «Ал Араби» билан бўлган ўйинда кўтарилган баннер сабаб бошим ғурбатдан чиқмай қолди.

– Нега ғурбатта қоласиз. Ахир сиз жамоа мухлисисиз. Ҳар қандай мухлис ўз жамоасини ғалаба қозонишини истайди. Мухлислар жамоадан ғалаба талаб қилишга ҳақли. Ахир футбол мухлислар учун.
– Ҳа, биз ҳам шундай ниятдамиз. Аммо клубдаги ички муҳит умуман бошқача бўлгани учун бизнинг орзуимиз яқин бир-икки йил ичида амалга ошмаса керак. Қолаверса, бир вақтлар Самвел Бабаян жамоа фан клубсиз ҳам ўйнайверади, «Пахтакор»га мухлис керак эмас, деб айтган ҳам. Бошимга тушган ғурбат тўғрисида гапирадиган бўлсам, тўғриси ўша куни «Бабаян, в отставку!» деб ёзилган баннерни кўтарганлар орасида бўлганим учун ҳозир шу аҳволга тушиб ўтирибман.

– Нима учун қўрқувда қолиб кетасиз?
– Хуллас, жамоамиз ғалаба қозонди. «Пахаткор»нинг барча мухлислари қатори мен ҳам яхши кайфият билан уйга бордим. Ярим тун. Соат тахминан 23:00 эди. Телевизордан «шерлар» урган голларни яна бир бор кўриш ниятида турганимда тўсатдан телефоним жиринглаб қолди. Не кўз билан қарайки, «Пахтакор» фан клуби сардори Иззат Асатуллаев. Телефонни кўтарибоқ ҳа, Иззат ака, тинчликми, дедим. Азиз бугун стадионда «Бабаян, в отставку!» деган баннерни ким кўтарди, деб тўсатдан савол бериб қолди. Ярим тунда ҳашаматли каттакон уйда ёлғиз қолган боладай қўрқувга туша бошладим. Ўзимни қўлга олиб, билмадим, ака деб жавоб бердим. Ростдан сен билмайсанми, деб яна савол берди. Йўқ, мен билмайман деганимдан сўнг, ҳа майли кейин гаплашамиз деб гўшакни қўйиб қўйди.

Бу орада турли хил хаёлларга бордим. Ярим тунда нима учун менга қўнғироқ қилиб баннер ҳақида сўраётгани ғалати ҳол эмасми, деб ўйлаб турганимда яна телефоним жиринглади. Қарасам яна ўша фан клуб сардори Иззат ака. Эшитаман ака дедим. Азиз, таксидаман уй манзилингни айт ҳозир олдингга етиб бораман гаплашиб оламиз, деди. Иззат ака ўзлари келаётган экан деб ўйлаб уй манзилимни бердим. У киши манзилимни олгандан сўнг ҳозир етиб борай ўша ерда гаплашамиз, деб телефонни ўчириб қўйди.

Кўм-кўк осмонда тўсатдан пайдо бўлган қора булутдек Иззат ака ва яна иккита нотаниш одам ҳаш-паш дегунча олдимда пайдо бўлди. Иззат Асатуллаев мени кўриши биланоқ ҳозир сен билан «Пахтакор»га боришимиз керак, деб қолди. Йўқ, мен боролмайман. Қолаверса, кеч бўлиб қолди. Эртага бораман. Бунинг устига уйдагилар хавотир олишади. Уларга ҳеч нима демасдан чиққанман дедим. Бироқ, шу пайт нотаниш меҳмонлар олдимга келиб, агар ҳозир биз билан бормасанг сени ички ишлар ходимлари олиб кетишади, деб қўрқита бошлади. Бу гапдан сўнг ўзимни ярим тунда нотаниш жойда адашиб қолган одамдай ҳис қила бошладим. Гўёки улар кўрсатаётган йўл мени ёруғликка олиб борадигандек. Яна хаёлга берилиб кетдим. Аммо хаёлимни нотаниш одамларнинг агарда бормасанг сени ички ишлар ходимлари олиб кетишади деган гапи бўлиб юборди. Нима қилишга ҳайронман. Улар яна ҳозир бормасанг сени милиция олиб кетади дегандан сўнг, яқинларим, маҳалла куй олдида уятга қолмай, деб улар билан «Пахтакор»га боришга рози бўлдим.
Машинада кетар эканман, фан клуб сардори ҳар икки гапнинг бирида баннерни ким ёзди деб сўрайверарди. Мен бўлсам билмайман деган сўздан бошқа жавоб беролмайман. Айтилган жойга боргунча икки нотаниш одам ва Иззат ака роса сўроқ қилиб боришди. Бу пайтда ҳаёлимдан фақат бир нарса, ички ишлар ходимларининг уйимга келиб мени олиб кетаётгани гавдаланарди холос.

Хуллас, кўзланган манзилга етиб келдик. «Пахтакор»га кирар эканман худди мартабали меҳмонни кутиб тургандек Самвел Бабаян ва унинг ҳамроҳлари кўчага кўз тикиб туришган экан. Нигоҳида ғазаблангани шундоққина сезилиб турган таниш одамларни кўриб янада саросимага туша бошладим. Улар мени тун ярмида бу ерга олиб келишларидан мақсад нима, деган савол қийнарди.
Ўз саволларимга ўзим жавоб тополмаётган бир вақтда Самвел аканинг «Бабаян, в отставку!» “баннерини сен ёздингми?”, деган саволи хаёлимни бузиб юборди.
– Йўқ, мен ёзганим йўқ, дедим.

– Унда ким ёзди?
– Билмадим…

– Ўзингни билмасликка олма. Бу баннерни сен ёзгансан, дея ўшқира бошлади. Назаримда қандайдир душман қўлига тушиб қолганман-у, улар мендан ўта сирли нарсани сўраётгандек. Бутун вужудимни қўрқув янада маҳкамроқ ўраб олди. Нима дейишимни, қандай қилиб ўзимни оқлашимни билмай ҳалакман. Бошимда минг бир ўй-хаёл. Самвел аканинг саволига нима деб жавоб беришни билмай турган бир вақтда мени олиб келган иккита нотаниш ходим ҳам сўроққа тута бошлади. Кейинчалик билишимча ўша иккита нотаниш одам Самвел Бабаяннинг қўриқчилари экан. Улар бир соатдан ошиқ вақт баннерни ким ёзган деган саволни беришдан чарчамади. Аросатда қолдим. Кимни, ёки нимани айтишни билмайман.

Агар ҳозир бирор нима айтсам бошим нақт балога гирифтор бўлади. Вақт ўтган сари нотаниш одамларнинг қистови янада кучая бошлади. Нима қилиш, ё бўлмасам нима дейишни билмай ҳалакман. Шунда тўсатдан кимнингдир номини таваккал бўлсада айтишга қарор қилдим. Бироқ, кимнинг исмини айтаман. Ҳозир бирор кимни номини айтсам эртага уни ҳам худди мендек сўроққа тутишади. Унинг олдида виждоним қийналадику, деб ўйлаб қолдим. Аммо айни пайтдаги вазиятдан қутилиш учун нима бўлса пешонамдан дедиму, фан клубдаги уч нафар одамнинг номини айтдим. Юз йил қазилган кондан биринчи бор дурру-гавҳар топган кишидек нотаниш одамлар мен айтган исмларни Самвел акага айтишди. Ҳартугул, гарчи виждон азобида қолган бўлсамда, уларнинг ховуридан тушгани бироз бўлсада қўрқувни унутишимга сабаб бўлди.

– Шу билан бошқа ҳеч ким сизни безовта қилмадими?
– Сиз Самвел аканинг характерини яхши билмас экансиз. У киши бирор иш қиламан дедими, тамом. Ҳеч қачон кутиб турмайди. Айниқса, баннер воқеасидан сўнг ҳатто судга беришдан ҳам тонмайди. Умуман олганда қилаётган ишини ҳеч ким билан маслаҳатлашмай амалга оширади. Гарчи клубда у кишидан катта раҳбарлар бўлсада, клуб тақдирини ҳам ўзи ҳал қилади.

– Унда нега бунчалик асабийлашасиз?
– Гап шундаки, эртаси куни эрталаб соат 10:00да яна «Пахтакор»га келдим. Яна ўша тунги ҳолат. Мен танимайдиган нотаниш ички ишлар ходими-ю, Самвел Бабаян. Бу ҳам етмагандек, унинг ҳамтовоқлари ҳам қўшилиб мени «кутиб олишди». Яна ўша ғазабланган нигоҳ ҳамон уларнинг юзида акс этиб турарди. «Пахтакор»га келишим билан мени бир хонага олиб киришди. Яна қандай саволи бор экан деб ўйлаб турган вақтимда, бир қоғозга кеча айтган одамларингни исмини тилхатга ёзиб беришимни талаб қилди. Кеча ноиложликдан ўзим билмаган ҳолда таваккал қилиб фан клубнинг уч нафар аъзосининг исмини айтганман. Энди буёғи нима бўлса бўлди, дея тилхатга кеча исмларини айтган фан клуб аъзолари «Бабаян, в отставку!» деган баннерни тайёрлаган деб ёзиб бердим.

– Тилхат ёзиб берганингиздан сўнг ҳам сизни сиқувга олишдими?
– Билмадим, буни сиқув дейдими ёки қўрқитиш, ҳар ҳолда ички ишлар ходимини кўрсатиб мана бу аканг сени 15 суткага қамоққа олиб кетади дейишди.

– Қайси айбингиз учун 15 кунлик қамоқ…
– Нима иш қилганим учун мени 15 суткага қамашларини ўзим ҳам тушунмадим. Тўғриси, шу онда салкам бир асрдан бери миллионлаб мухлислар қалбига қувонч, шодлик бахшида этиб келган «Пахтакор»га мухлислик қилиб, жонимни жабборга бериб бақирганларимга пушаймон бўлдим. Жамоани жон жаҳтинг билан қўллаб-қувватлайсан-у, бир кун келиб сени манашундай аҳволга солса, роса алам қиларкан.

– Аслида баннерни сиз кўтардингизми?
– Ҳа, ўша куни баннерни кўтарганлар орасида мен ҳам бор эдим. Гапнинг очиғи, «Пахтакор»да Самвел Бабаян олиб бораётган ишлар ҳеч кимга ёқмагани учун баннерни кўтарганман. Биласизми, бу ерга ишга келган инсонлар нега тезда бўшаб кетишади. Чунки, улар Бабаяннинг айтганини қилмаган. Агарда кимдаким «Пахтакор»да узоқ муддат ишлашни ният қилса, албатта Самвел акани айтганини қилиб чизган чизиғидан чиқмай «подход» қилиши керак. «Пахтакор»га келиб-кетгувчиларни сонини кўриб, гўёки жамоа унинг шахсий дўкони-ю, у ерда кимнинг ишлашию, кимнинг мухлис бўлишини у киши белгилайдигандек. Тўғрисини айтсам, «Бабаян, в отставку!» деган баннерни клубнинг ички муҳити бузилиб, жамоанинг аҳволи йилдан-йилга оғирлашиб бораётгани учун кўтардим. Ахир «Пахтакор» халқ жамоасику, шундайми? Наҳотки бир вақтлар халқ учун ўйнаб миллионлаб инсонларнинг кўнглига олам-олам шодлик бахшида этган жамоанинг бугунги тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаса. Агар бу кетишда бўлса яқин бир-икки йил ичида «Пахтакор»нинг аҳволи оғир деган хабар эшитсам ажабланмаган бўлардим.

– Бирор бир ножўя гап ёзилмаган бўлса нега сизни бунчалик сиқувга олишди?
– Тўғрисини айтсам мени нега бунчалар сиқувга олишганини тушунмадим. Тан оламан ўша куни «Бабаян, в отставку!» деган баннер кўтарган мухлислар орасида мен ҳам бўлганман. Аммо бу баннерни айнан мен қилганим эмас-ку, шундайми?

– Унда ўша куни тунда нега айнан сизни олиб келишди?
– Ҳаммамиз биламизки, стадиондаги тартибни сақлаш, ўйинда безорилик қилган мухлисларни осонроқ топиш мақсадида ички ишлар ходимлари мухлисларни тасвирга олиб туришади. Мен ўша тасвирда тушиб қолган эканман. «Пахтакор» фан клубида ҳамма мени яхши танишади. Шу сабабли ҳам бош айбдор сифатида ҳеч қандай муаммосиз мени топиб олишган.

– Ҳеч бир мухлисни ярим тунда уйидан олиб кетишга клубнинг ҳаққи йўқ-ку?
– Гапнинг очиғи, мен буни билмасдим. Бироқ, ўша кунги воқеадан сўнг ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашдим. Унинг таъкидлашича «Пахтакор» клубидагилар мени кечаси мажбуран олиб кетишга ҳаққи йўқ экан. Афсуски, ўз ҳақ-ҳуқуқларимни яхши билмаслигим менга панд берди. Аммо энди ҳаммасини билиб олдим. Балки айнан шунинг учун ҳам Самвел ака судга бермай тургандир. Агарда у ҳақ бўлганида аллақачон уйимга суддан хат келган бўларди.

– Бўлган воқеалардан уйдагиларингиз хабардорми?
– Тўғриси, уйдагиларни хавотирга қўйгим келмади. Шу сабабли ҳам ота-онамга бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ҳеч гап айтганим йўқ. Биласизми, вазият шу даражага боришини билганимда ўша куни кечқурун Иззат акага уйимнинг манзилини бермасдим. Мен у киши фан клубнинг сардори бўлгани учунгина ишониб манзилимни бергандим. Аслида эса у ўз ходимларини ёнини олишни билмайдиган сотқин раҳбар экан.

– Унда матбуотга мурожаат қилишингизга сабаб нима?
– Аввало шуни айтмоқчиманки, ўша куни тунда қўрқувда қолиб, нима дейишимни билмаган ҳолда таваккал қилиб фан клубдаги уч нафар яхши инсоннинг номини айтиб қўйганим. Бугун уларнинг олдида уятлиман. Шу сабабли улардан узр сўраш мақсадида сизга мурожаат қилдим. Ёш бўлганлигим, қолаверса оғир аҳволда қолганим учун уларнинг номини тилга олганимдан афсусдаман. Мен Самвел акага айтган инсонлар «Пахтакор»нинг ҳақиқий мухлислари. Улар халқ жамоасини жуда севишади. Шу сабали ҳам футбол нашрлари орқали кечирим сўрасам ўйлайманки улар мени кечиришади. Агарда кимлар орқалидир менинг гапларимни эшитган бўлса мен улардан яна бир бор уз сўрамоқчиман. Илтимос мени кечиринглар.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ

P/S. Сўзимиз бошида Ҳиндистон киномаҳсулоти саналадиган «Қўрқув» киносини ёдга олгандик. Гарчи қаҳрамонлар бошқа-бошқа бўлсада, бугун бизга мурожжат қилган Азизбек Қурбонов ҳам худди ўша кинодаги қўрқув исканжасида қолган қизнинг ҳолига тушиб қолган. Кинода-ку, қизни қутқарадиган, уни ҳимоя қиладиган қаҳрамон бўлади. Аммо ҳаётдачи? Азбаройи, «Пахтакор»ни севгани-ю, унинг ҳар бир ўйинларида баралла қўллаб-қувватлагани, сафарларда йўл ҳаражати сарфлаб далда бўлган мухлисга бугунги муносабат шуми? Хўш, айтингчи, жабрдийда мухлисларни ким ҳимоя қилади?