Тарих билган юҳо (еб тўймас)лар қисмати

Тарих билган юҳо (еб тўймас)лар қисмати
27 views
18 April 2012 - 15:46

Афсуслар бўлгайким, чексиз ҳокимият эгаси одамларни кўпинча ўз қадр-қимматини билмайдиган, инсоний ғурур нафсониятини мутлақо ҳис этолмайдиган аҳволга келтириб қўяди.
Президент ҳокимияти – инсон бошига қўниши мумкин бўлган бахт қуши, тақдирнинг буюк иноятидир. Бу сиёсий шохсупага ўз иқтидори, ақл-идроки, ўзига ҳослиги ва бошқа фазилатлари туфайли кўтарилганларни, шахсий бойлик деярли қизиқтирмайди. Маънавий дунёси бой бўлган хукмдор олтин талвасасида маст бўлиб юрган кимсалардан ниҳоятда юксак эканини ҳис этади. Бошқарув жилови тасодифан қўлига ўтганларнинг содир этган қилмишларини эса, бугунги аччиқ тажрибамизда кўриб турибмиз.Тарихий ўтиш даврида кўпинча шундай бўлади. Бошқарув жилови гоҳида халқ оёғига урилган кишан бўлиб қолади.
Бунга мисол тариқасида тарихий ҳодисалардан гувохлик берамиз-ки, зора юртимизда режим орқасида кун кўраётганлар хулоса чиқарса.
Уятсизларча: ”Биздан кейин дунёни сув босмайдими!” деган иборанинг муаллифи бўлмиш Франция қироли Людовик XIV чекланмаган ҳокимиятга эга бўлиб, 72 йил давомида ҳукмдор бўлган. У фуқаро билан ўзим ҳохлаганимдек муомала қиламан: хоҳласам отиб ўлдираман, осаман, бошини танасидан жудо қиламан, деб хисобларди. Истаган пайтимда кўнглимга келганини қиламан, деб ўйларди.
“Давлат – бу мен!” Людовик XIV калондимоғлик билан айтган мана шу сўзларни баъзи ҳукмдорлар қатори ҳусусан ИАК ҳам ўзига шиор қилган.
Қиролнинг сўнгги нафасигача хира пашшадек атрофини қуршаб олган мулозимлар лаганбардорлик, хушомадгўйлик борасида бир-бирлари билан мусобақа ўйнашарди. Аслзодалар тонг отар-отмас қирол билан дийдорлашув маросимида қатнашиш учун саройга қараб югурардилар. Улар қиролга ялтоқланишарди; биров унга ички иштонини узатарди, биров оёқ кийимини тўғрилаб қўярди, биров камзулини илгакдан олиб берарди. Ғала-ғовур кўтаришиб: ”Қирол бугун оқ кўйлагини кийсинми ёки ҳаворанг кўйлагиними?” деган масалада узоқ бахслашиб қолардилар. Ҳар куни эрталаб қирол Людовик XIV нинг кийиниш маросими энг камида икки соат давом этарди.
Айни чоғда Людовик хушомадгўйларга янги ва янги мукофотлар улашар, улар учун янги лавозимлар ўйлаб топар, ҳар ойда бир марта хизмат зинапоясидан бир поғона юқорига кўтариб қўяр эди.
Мулозимларнинг вазифалари ҳам жуда ғалати эди. Улар кечаси билан ухламасдан гурух-гурух бўлишиб, қиролнинг ички кийимларини, ясама сочини, тувагини қўриқлаб чиқишарди.
Людовик XIV нинг энди бир ёшга етган қизчасининг 80 нафар хизматкори бор эди. Қиролнинг шахсий хизматкорлари эса сон-саноқсиз бўларди. Ҳеч поёни кўринмайдиган ўйин-кулгига, мулозимларга мисли йўқ маблағ сарфланарди. Табиийки, бу маблағ камбағаллардан солиқ сифатида ундириб олинарди. Кимки ўз вақтида солиқни тўламаса, у оила аъзолари билан ўз уйидан ҳайдаб чиқарилар, мол-мулки мусодара қилинарди. Оддий халқ қашшоқлик ва хўрлик остида эзилиб ётган бир пайтда бекорчиликдан нима қилишини билмай юрган қирол Версаль қасрини барпо этиш, устидан мармар ”кийдириш” тўғрисида амри фармон беради. Қасрнинг ички ва ташқи ҳовлисида 1400 та ҳовуз барпо этилади. Қирол ҳукм сурган 47 йил давомида ўша қаср қурилади.
Олифта, мақтанчоқ қирол ниҳоятда қўрқоқлиги билан ҳам замондошлари хотирасида из қолдиради. Ўз мулозимлари томонидан фитна уюштирилишидан ўлгудек қўрқадиган зоти олийлари саройда қирқдан ортиқ фолбин ва жодугарни доим сақлаб юрарди. Бемаъни “ажойибхона”га қиролнинг ўйнаши Атонио де Монтеспаон бошчилик қиларди. Ўша кулгули ташкилот полиция томонидан фош этилгач, қирол ўзининг “хомийлари”ни саройдан хайдаб чиқаришга мажбур бўлади.
Людовик XIV нинг ўзбошимчалиги, шафқатсизлиги тўғрисида сарой ҳаётига доир бир воқеа ҳар қандай тарихий солномадан кўра кўпроқ гувохлик бериши мумкин. Бир куни қирол ошпази қисқичбақадан зўр овқат тайёрлайди-ю, лекин устига қайла солишни унутади. Таом дастурхонга тортилгандан кейингина “қовун” туширганини сезиб қолади; қиролнинг ярамас одатларини бошқалардан кўра яхши биладиган шўрлик ошпаз жазо берилишини кутиб ўтирмасдан ўзини ўзи ўлдириб қўя қолади.
Шафқатсиз хор-зорлик жонидан ўтиб кетган француз халқи қирол ўлгандан сўнг унинг бутун авлодини битта ҳам қолдирмасдан қириб ташлайди.
Тарихга синчиклаб назар солинса, юз йиллар давомида том маънода донишманд ҳукмдорлар, том маънода шафқатсиз диктаторлар ва ўзларининг хурмача қилиқлари билан тантиқ болакайларни эслатадиган масхарабозлар ўтганини кўриш мумкин.
Бундан икки ярим минг йил аввал яшаб ўтган Вавилон ҳукмдори Навуходоносорнинг фаолияти ҳам ибратлидир. У Мидий подшосининг Семирамида исмли гўзал қизига уйланади.Келин-куёв бир-бирларини ҳаддан ортиқ яхши кўрсалар-да, лекин Семирамида Вавилоннинг чанг, шовқинли кўчаларини унчалик хуш кўрмайди; ўзининг тоғли, соя-салқин, гўзал ватанини соғинаверади.
Суюкли ёрининг кўнглини овлашни билмай қолган бахтиқаро ҳукмдор минглаб хизматкорларини, асирларни оғир меҳнатга жалб этади. Уларни худди Мидиадагидек осма боғ барпо этишга мажбур қилади. Бу боғда ҳар хил мевали дарахтлар барқ уриб ўсмоғи даркор эди. Сайроқи қушлар келтириш учун дунёнинг ҳамма томонларига чопарларини жўнатади. Булоқларнинг ўзанини ўзгартириб, ҳукмдор севгилиси учун жилдираб оқадиган жилғалар бунёд этади.
Оғир меҳнатга бардош беролмаган қуллар, асирлар чивиндек қирилаверадилар. Соҳибжамол хотинига яхши кўриниш учун ўзи ҳам тиним билмаётган Навуходоносор холдан тойиб, кексайиб қолади. Халқ эса ёппасига қашшоқлашиб кетади.
Марокаш султони Мулла Исмоилнинг ҳаёти ҳам айнан Навохудоносор-2 тақдирини эслатади. Ўз халқининг энг охирги игна-ипини ҳам тортиб олиб, ўзи учун қирқ километрга чўзилган муҳташам қароргоҳ барпо этиш тўғрисида фармон беради. Унда элликта сарой бор эди. Саройдаги отхонага ўн икки минг бош от сиғиши мумкин.
Ўз халқи учун кўп савобли ишлар қилган ҳукмдорларнинг номлари ҳам тарих сахифаларидан муносиб ўрин олган. Лекин ёвузлик ҳам тарихда қолган.
Масалан, васвос касалига мубтало бўлган Иван Грозний ўн минглаб одамларни қириб, Новгородни бутунлай вайронага айлантирмадими? Унинг кўзига ҳамма сотқин бўлиб кўринаверарди. Рус халқи тарихида бу ўз шафқатсизлиги, варварлиги билан бошқаларига асло ўхшамайдиган камёб ҳодиса эди.
Буларни зикр этиб, сўзим охирида айтмоқчиманки, халқнинг аҳлоқий қадриятларидан, моддий-маънавий ҳаётидан айрича йўл тутадиган ҳукмдорлардан бизни Оллоҳ асрасин.

Мардумий