Чорраҳадаги мухолифат (аудио)

Чорраҳадаги мухолифат (аудио)
143 views
19 April 2012 - 14:20

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Вақт яхши ҳакам, дейдилар. Бунинг сабаби келажакда содир бўладиган воқеаларни олдиндан тахмин қилишнинг қийинлигидадир. Эътиқодимизга кўра эса, келажакни ҳеч ким башорат қила олмайди. Масалан, бугун 19 апрель 2012 йил. Бундан бир неча кун олдин ҳам, бир неча ой олдин ҳам бугун нима бўлишини биз айта олмас эдик. Аммо бугун нима бўлди ўзи?

[soundcloud id=’43876548′]

Бугун кўп нарсалар содир бўлмоқда дунёмизда. Аммо бизга бевосита тааллуқли бўлган нарса ҳақида гапирайлик бугун. Бу Ўзбекистонда Ислом Каримов диктатурасига қарши бўлганлар орасида чорраҳанинг ўртага чиққанидир. Яъни, ўзбек мухолифати йўл айримига келди, алҳамдулиллаҳ. Кимнинг ким эканлигини энди яшириб ўтиришнинг ҳеч кимга фойдаси йўқ. Ўзбекистон деган мустақил давлатни уч бурчак шаклида тасаввур қиладиган бўлсак, бу бурчаклардан бири Ислом Каримов ва унинг диктатура режимига оиддир. Иккинчи бурчак эса, ўзаро тарқоқ, Ислом Каримов режимига қарши мўътадил, аммо учбурчакнинг учинчи бурчагини ташкил қиладиган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига тиш-тирноғи билан қарши бўлган бир тоифадир. Бу иккинчи бурчакдагилар рўйхатига Абдураҳим Пўлатов, Пўлат Охун, шоир Юсуф Жума, Васила Иноятова, Галима Бухорбаева, Мўътабар Тожибоева, Жаҳонгир Муҳаммад, Ризо Обид, Абдужалил Бойматов, Тошпўлат Юлдашев, Марат Зоҳидов ва шу инсонларга фикран яқин бўлганлар кирадилар. Бу инсонлар, ЎХҲ фарқли ўлароқ ўзаро тарқоқдирлар. Аммо бу уларнинг муаммосидир. Ўзаро бир орага келиб ягона ташкилот қурадиларми, қурмайдиларми, буни ҳал қилиш улар биладиган ишдир…

Учинчи бурчакни эса ўз сафларини жипслаштиришга, халқимиз ва халқаро майдонда ўз таъсирини кенгайтиришга уринаётган ва айтиш мумкинки ҳозирги кунда диктатор Ислом Каримовнинг ҳам, юқорида исми зикр қилинганлардан ташкил топган иккинчи бурчак вакилларининг ҳам умумий душманига айланган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ташкил қилади. ЎХҲнинг сафлари Муҳаммад Солиҳ, Отаназар Орипов, Толиб Ёқубов, Алибой Йўляхши, Мақсуд Бекжон, камина Намоз Нормўмин, Муҳаммадсолиҳ А., Ғайратбек Холматов, Тўлқин Қораев, Муҳиддин Ширинов, Абдулатиф қори, Қудрат Бобожон, Тоғбой Абдурраззоқ ва бу ерда номи зикр қилинмаган мингларча дўстларимиздан иборатдир.

Ислом Каримов диктатураси ушбу уч бурчакнинг муваққат бурчагидир. Чунки бу бурчак синишга маҳкум ва эрта –индин тарих ахлатхонасига улоқтирилади. Демак, сиёсат майдонида бир-биридан тамоман фарқ қиладиган икки бурчак қолмоқда. Бу ЎХҲ ва унга қарши тўнини тескари кийиб олган иккинчи бурчак вакилларидир. Менинг мана шу иккинчи бурчак вакилларига айтадиган баъзи гапларим бор. Аммо олдин орадаги фарқни яна бир таъкидлаб ўтайлик:

Иккинчи бурчак вакилларининг умумий сифати ғарб тарзидаги демократия ва секуларизм тарафдорлари эканликларидир. Яъни, улар динга, шу жумладан Исломга ҳам билвосита қаршилар. Улар мусулмонларнинг масжидларда намоз ўқишларига қарши бўлмасликлари мумкин, аммо Исломнинг ижтимоий, ҳуқуқий, ахлоқий, иқтисодий ва шунга ўхшаш жамиятни тартибга солувчи қонун ва қоидаларига қаршидирлар. Қисқача айтадиган бўлсак, улар Ўзбекистоннинг келажагини Оврупо Иттифоқи ёки Америка тарзидаги бир жамият шаклида тасаввур қиладилар. Шунинг учун ҳам улар “демократия”, дейиладиган ўзи мавҳум, аммо номи улуғ нарсага жон-жаҳдлари билан ёпишиб олганлар. Бундай кўр-кўрона ёпишиш уларнинг ғарб демократик давлатлари аввалда ва ҳозирда (масалан Афғонистон ва Ироқда) миллионларча инсонларни жинояткорона равишда қатл қилганини ва қилаётганини кўришларига имкон бермайди. Майли, инсоннинг танлов ҳаққи бор. Бу уларнинг танловидир, танлаган йўлларидан юриш албатта уларнинг ҳаққидир…

ЎХҲ эсау шбу иккинчи бурчак вакилларидан фарқли ўлароқ, ўрта ва мўътадил тараққиёт йўли тарафдоридир. Бу йўл уч асосий қадриятдан ташкил топади: биринчи, ўзбек халқининг миллий қадриятлари (тилимиз, тарихимиз, урф одатларимиз ва ҳк). Иккинчи, халқимизнинг эътиқодий қадриятлари, яъни исломий қадриятлар. Учинчиси, умуминсоният тараққиёти эришган ижобий қадриятлар (фуқаролик жамияти, сўз, фикр, эътиқод , сайлов эркинлиги ва шунга ўхшаш эркинликлар). Булар шунчалик сўз ўйини эмас, ЎХҲнинг дастурида ўрин олган қоидалардир:

«Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:
1. Ҳаракат фаолиятида халқимизнинг барча вакилларининг миллий ва эътиқодий қадриятларига, шунингдек дунёнинг ривожланган давлатларидаги башариятни ижобий тараққиётга етаклайдиган умуминсоний қадриятларга ўрин бериш.
2. Мамлакатимизда юқорида кўрсатилган қадриятлар асосида фуқаролик жамиятининг ўртага чиқиши учун ўз ҳиссасини қўшиш. Бундай фуқаролик жамиятида инсонларнинг миллий ва эътиқодий келиб чиқишидан қатъий назар ижтимоий адолатни таъминлаш, маънавий ва моддий қадриятлар орасида мутаносиблик ўрнатиш, зулмнинг ҳар қандай шаклини рад этиш, жамиятда бир шахснинг ёки табақанинг ҳукмронлигига йўл қўймаслик, эътиқодда, фикрда ва амалда ҳаддан ошишга, оғмачиликка, хурофатга ва буларга асосланган зўровонликка тўсиқ қўядиган жамият барпо қилиш.
11. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига аъзо бўлганлар эътиқодий ва фикрий ихтилофларини маслаҳатлашиш ва зарур бўлганда турли тоифалар орасида шартнома тузиш йўли билан ҳал қиладилар. Ҳаракат раҳбарияти Шўро-маслаҳатлашиш усулида фаолият олиб боради. Ҳаракат раҳбарлари ўз фаолиятларида якка ҳокимликка йўл қўймайдилар. ЎХҲ ўз мақсадига эришишда аввало маърифат ва ташвиқот фаолиятларига ўрин беради. Бу мақсадда ҳаракатнинг мамлакат ичкарисида ва ташқарисида ўз бўлимларини очиши мақсадга мувофиқдир.
(Қаранг: ЎХҲ дастури: http://www.uzxalqharakati.com/uhh-haqida-malumotlar)
Жуда кўп инсонлар (шу жумладан сиёсатшунос Тошпўлат Юлдошев ҳам http://www.uznews.net/news_single.php?lng=ru&sub=top&cid=30&nid=19684 суҳбатида) ЎХҲ мавҳум ташкилот, дастури номаълум, деган сохта иддоаларни айтадилар. Ҳолбуки, улар ЎХҲ низоми ва дастурини ўқиганларида сиёсий тушунчалари тўғриликка мойил бўларди.
Қисқача айтадиган бўлсак, бизни иккинчи бурчакдан айридиган асосий хусусият шундан иборатдир: Биз миллий, Исломий ва умуминсоний тараққиётнинг ижобий қадриятлари бир-бирини рад этишини эмас, улар орасида ўзаро мутаносибликнинг ўртага чиқиши тарафдоримиз. Яъни, биз яхшиликнинг миллий, эътиқодий ва умуминсоний бўлишидан қатъий назар бир орада жамланишини истаймиз.

Эй, иккинчи бурчакни ташкил қиладиган инсонлар, сизлар ўзларингизча ҳақлидирсизлар: сизлар демократ, секуляр, номигагина мусулмон, аммо ҳаётида Исломий қадриятларнинг ўрни бўлмаган, ўзларингизча замонавий инсонларсиз. Шахсан мен, сизларнинг бу хусусияларингизни қабул қиламан. Қандай бўлишни истасангиз шундай бўлинг. Фақат бизнинг сизга таниган “қандай бўлишни истасангиз шундай бўлинг”, қоидасини бизга ҳам танинг. Биз сиз каби бўлишни истамаймиз. Биз ҳам сиз каби ўзбек халқининг вакилларимиз, аммо биз эътиқодимизнинг соғлом бўлишини, унинг ҳаётимизда акс этишини ва айни пайтда замонавий тараққиётнинг ижобий жиҳатларига эргашишни истаймиз. Ҳа, биз мусулмонмиз, буни яширмаймиз. Аммо биз сизга ҳақ таниганимиз каби, бизга ҳам ҳақ танилишини талаб қилиш ҳаққимиздан асло воз кечмаймиз…

Агар сизлар бизларга “булар ўзбеклардан чиққан мусулмон радикаллар, фундаменталистлар, террорчилардир”, дейдиган бўлсангиз, бизнинг ҳам сиз ҳаққингизда “булар ўзбеклардан чиққан демократ радикаллар, фундаменталистлар, террочилардир ”, дейишга шубҳасиз ҳаққимиз бордир.

Аммо сизлар бизларга “Ўзбекистон халқининг асосий қисми мусулмонлардир. Шунинг учун ҳам сизлар ўзларингиз танлаган йўлдан юришга ва ўз ҳаёт шаклларингизга эга бўлишга ҳақлидирсизлар”, десангиз, биз ҳам сизга қарата “сиз ҳам ўзингиз танлаган йўлдан юришга ва ўзингиз танлаган ҳаёт тарзини амалга оширишга ҳақлисиз”, дея жавоб берамиз. Чунки бу шаклда турли-туман бўлиш сиз билан бизнинг орамиздаги ўзаро савдо масаласи эмас, илоҳий ироданинг тақдиридир. Қуръони Каримда айтилгани каби “Сизнинг динингиз (танлаган йўлингиз) сизга, бизнинг динимиз (танлаган йўлимиз) бизгадир”…

Бизнинг умидимиз сизнинг ҳам мана шу буюк ҳақиқатни тушуниб етишингиздир. Яъни, сиз билан бизнинг орамизда Хитой деворидан ҳам мустаҳкамроқ, қалинроқ ва баландроқ бир девор бор. Марҳамат қилиб, ушбу деворнинг мавжудлигини қабул қилинг. Ушбу мустаҳкам девор сиз “имон” келтирган демократиянинг асосий зийнатлари бўлган моддапарастлик, фитна, ёлғон, туҳмат, ароқхўрлик, фоҳишабозликнинг тарғиботи, кибр, ҳасад ва ғийбат каби ўқларингизнинг биз томонга ўтишига тўсиқлик қилади. Яъни, сиз биз томонга мана шу хислатларингиз билан тупурадиган бўлсангиз, тупурингиз ушбу деворга урилади ва қайтиб юзингизга ёпишади. Агар ушбу сассиқ лойдан тош ясаб биз томонга отадиган бўлсангиз, бу тош ушбу деворга урилиб, ўзингизнинг бошингизни ёриши мумкин…

Шундай экан, келинг муросага келайлик. Муросанинг шартини юқорида айтиб ўтдим: Сизнинг йўлингиз сизга, бизнинг йўлимиз бизга бўлсин! Сиз сизнинг яхши сифатингиз бўлган “мен сизнинг фикрингизга қўшилмайман, аммо сиз ҳам ўз фикрингизни айтишингиз учун жонимни беришга ҳам тайёрман ” қоидасига амал қилинг. Биз эса “Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар ато қилгин ” қоидасига амал қилайлик. Ана ўшанда сиз бизнинг дунёвийлик масаласида сиздан асло орқада эмаслигимизни, мусулмонларнинг ҳам тараққийпарвар инсонлар бўлишини мумкинлигини, Исломнинг эса ҳақиқий маънода илм, маърифат ва тараққиёт йўли эканлигини тушуниб етасиз, иншаллоҳ! Чунки сиз ўқиган университетларни биз ҳам тамомлаганмиз, сиз мутахассис бўлган соҳаларда биз ҳам мутахассисмиз, сиз ўқиган китобларни биз ҳам ўқиганмиз. Шунинг учун ҳам сизларнинг булар мусулмон, булар дунёвийликни билмайди, деган иддоларингиз ақлингизнинг нокаслигини кўрсатадиган жазавадан бошқа нарса эмасдир. Бу масалада бизга ишонмасангиз, биз чексиз ҳурмат қиладиган ва ўзимизга раҳнома шахслар, деб биладиган Абу Райҳон Берунийга, Мирзо Улуғбекга, Ибн Синога, Ал Хоразмийга, Заҳриддин Муҳаммад Бобурларга ишонарсиз. Бу зотларнинг барчаси аввало мусулмон, айни пайтда илму маърифатнинг даҳолари эдилар.

Ҳаёт ва кураш йўлидаги чорраҳа, алҳамдулиллаҳ ўртага чиқди. Келинг, тинчгина ушбу чорраҳадаги йўл ишоратига амал қилиб, ҳар ким ўзи танлаган йўлдан ўзи хоҳлаган тарафга йўл олсин. Эндиги масала ҳар кимнинг ўз дарди билан шуғулланиш масаласидир. Мақоланинг бошида сизларнинг ўзаро тарқоқ эканликларингизни айтиб ўтган эдим. Бизнинг асосий қоидаларимиздан бири бизга ёмонлик қиладиганларга ҳам яхшилик билан жавоб беришдир. Менинг бу ердаги айтадиган сизга икки яхши тавсиям бор: биринчиси, асоси моддапарастлик (материализм) бўлган хато йўлингиздан воз кечиб, моддапарастликни ҳам, унинг зидди ҳисобланадиган роҳибликни ҳам рад қиладиган, моддий ва маънавий қадриятлар ўртасида мутаносиблик ўрнатадиган биз танлаган ўрта ва мўътадил йўлга ўтишларингиздир. Бу ҳолда орамиздаги Хитой деворидан ҳам мустаҳкамроқ девор бир лаҳзада ғойиб бўлади ва биз сиз билан Ҳақ йўлида биродарларга, ака-сингил ёки опа-укаларга айланиб қоламиз. Агар буни рад қиладиган бўлсангизлар, менинг сизларга иккинчи яхши тавсиям шундан иборат: сизлар ўзаро бирлашишга ва ораларингиздаги ҳад танимайдиган бузғунчиларни ҳеч қурмаса инсонийлик нуқтаи назаридан ислоҳ қилишга ҳаракат қилингизлар. Бизнинг эса сиз билан ади-бади айтишга на вақтимиз, на да тоқатимиз бор. Бизнинг ҳам ўзимизга яраша дардларимиз етарлидир: маълумки “араб баҳори” мусулмонлар оламида катта ижтимоий-сиёсий ларзаларни ўртага чиқарди. ЎХҲ ҳам мана шу “баҳор”, тўғрироғи Тунис ва Мисрдаги мусулмон халқларнинг тўлқинлашидан илҳомланиб тузилди. Бизнинг биринчи вазифамиз, Ўзбекистон халқининг ҳам Тунис ва Мисрлик мусулмонлар каби тўлқинланишига эришиш ва Ислом Каримов диктатурасини ўз елкасидан улоқтиришидир. Кейинги вазифамиз эса (аслида бу икки вазифа бир бирини тамомлайди) мусулмонларнинг ўзаро тушунмовчиликларни ва гуруҳбозликларни йиғиштириб, юқорида айтилган моддапарастликни ҳам, роҳибликни ҳам рад қиладиган ўрта ва мўътадил йўлда бирлашишларига эришишдир. Яъни, турли гуруҳларга оид бўлган мусулмонлар ўрта ва мўътадил сиёсий йўлда бирлашишга мажбурдирлар. Тунис, Миср, Туркия, Малайзия, Индонезия каби давлатлардаги жараёнларни кузатиш орқали мусулмонларнинг бундай интилишларининг сирларини ўрганишингиз мумкин. Чунки замон Ҳақ йўлга эргашиш, эргашмаганда ҳам у билан муроса қилиш замонидир. Зеро, унга қарши чиққанларнинг мағлуб бўлиши ҳам муқаррардир…

Аллоҳ таолонинг саломи, раҳмати ва мағфирати Унинг ҳидоятига эргашганларга бўлсин! Омин!

 

Намоз Нормўмин,  ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси, 19 апрель 2012 йил.

windows 10 kaufen office 2019 kaufen office 365 kaufen windows 10 home kaufen windows 10 enterprise kaufen office 2019 home and business kaufen office 2016 kaufen windows 10 education kaufen visio professional 2019 kaufen project 2019 kaufen project 2016 kaufen visio 2016 kaufen windows server 2012 kaufen windows server 2016 kaufen windows server 2019 kaufen betriebssysteme office software windows server softhier instagram türk takipçi satın al instagram türk beğeni satın al instagram görüntülenme satın al instagram otomatik beğeni satın al facebook türk beğeni satın al facebook sayfa beğenisi satın al facebook türk takipçi satın al twitter türk takipçi satın al twitter türk beğeni satın al twitter retweet satın al youtube türk izlenme satın al youtube türk abone satın al takipçi hilesi