Оқланмаган ишонч қиссаси (2-34)

Оқланмаган ишонч қиссаси (2-34)
39 views
23 April 2012 - 16:24

Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com

Иккинчи китоб. 34-боб.


МУҲАММАД СОЛИҲ


Ўзбек мухолифати лидерининг сиёсий портретига чизгилар

1.

…Ўзбекистонда бир шоир йигит бор эди. Ўзини яхши танирдим-у, лекин ёзганларини яхши тушунмасдим. Юртнинг илғор фикрли кишилари, адабиёт билимдонлари унинг ғарб услубида ёзилган бу шеърлари мавжуд тоталитар тузумга қарши исён эканини урғулашарди.

Мамлакатда қайта қуриш ва ошкоралик бошланган кезлар Ўзбекистондаги демократик кайфиятдаги ҳур фикрли ёшлар аллақачон унинг атрофида тўпланиб улгуришган эди.

Порахўрлик, пахта яккаҳокимлиги, Орол фожеаси ва икки тиллиликка қарши кураш каби сиёсий шиорлар атрофида бирлашган илк норасмий гуруҳларнинг ташкил этилиши ҳам бевосита унинг номи билан боғлиқ.

Кейинчалик у Ўзбекистон мустақиллигини орзу қилган илк сиёсий партияларга асос солди. Шоирлигини ташлаб, сиёсат билан шуғулланишга мажбур бўлди.

Мустақиллик унинг якка-ю, ягона орзуси эди. Бу йўлда у ҳатто ўлимга боришга ҳам тайёр эди. Давр ва замон унинг елкасига ана шундай улуғ вазифани юклаган эди.

Лекин бу сайъи-ҳаракатлари учун у коммунистик тузум ёрдамида ҳокимиятга келган Ислом Каримов бошчилигидаги янги раҳбариятнинг кучли босими остида қолади.

Афсуски, ўз Ватани озодлиги ва мустақиллиги учун курашган, унинг кучли ва ривожланган давлат сифатида шаклланишини орзу қилган бу йигит, алал-оқибат, таъқиб ва тазйиқлар боис хориж ва муҳожирликка юз тутди.

Не тонгки, бу халқпарвар йигит учун Ватан дарвозалари ёпиб қўйилди, у сиртдан ўн беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Хўш, нима гуноҳлари ва қайси хатолари учун у бундай кўргиликка дучор бўлди?

Ўзбекистон ҳукумати неча йиллардан бўён айтиб келаётган миллатчи, террорчи ва Ватан хоиними у ва ё ўзбек мухолифати ўзига раҳнамо деб билган озодлик ва демократия учун толмас курашчими?

Биз бугун ана шу саволларга баҳоли қудрат жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

2.

“Мозийга қайтиб иш тутиш хайрлидир” деб ёзган эди бир пайтлар суюкли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий ўзининг машҳур “Ўтган кунлар” номли тарихий романи муқаддимасида.

Биз ҳам ҳикоямизни анча олисдан – Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган қайта қуриш ва ошкоралик даври – тўқсонинчи йиллардан бошлашга қарор қилдик…

…1990 йил бошларида Ўзбекистонда бир гуруҳ ҳурфикр ва эрксевар ёшлар гуруҳи “Бирлик”дан кўнгли қолган Муҳаммад Солиҳ ташаббуси билан “Эрк” демократик партиясига асос солишади.

“Эндигина қаддини тиклаб келаётган ўзбек мухолифатининг юзига урилган бир тарсаки, умумий манфаатларига берилган кучли бир зарба!” дейишди бу бўлинишни Шукрилло билан Эркин Воҳидовлар ўша машҳур ва тарихий йиғилиш минбаридаги ўз нутқларида.

“Кейинчалик ўзбек мухолифатининг иккига бўлинишини бошлаб берган бу сиёсий воқеа Муҳаммад Солиҳнинг энг катта хатоларидан бири!” деб бонг урмоқда мухолифатнинг йигирма йилдан бўён хорижда яшаётган баъзи намоёндалари…

“Ўзбекистон раҳбарияти Муҳаммад Солиҳнинг бу “ташаббуси”ни ўзига хос услубда “рағбатлантирди. Унга Тошкентнинг Дархонидага ёзувчиларга мўлжаллаб қурилган уйдан уч хонали иккита квартира тақдим этилди.

Номзоди эса Тошкентдаги Профессорлар шаҳарчасидан Олий Кенгаш депутатлигига муносиб кўрилди ва у осонгина депутат қилиб сайланди! У ўзбек мухолифатини иккига бўлган сотқин ва манфур бир зот!” деб аюҳаннос солмоқда унинг ўзи жонбозлик кўсатиб раисликка сайлатганларидан бири Абдураҳим Пўлатов.

Тўғри, дастлаб у билан бирга ТошДУ ўқитувчиси Мухтор Шапсанов ва сиёсий арбоб Нуриддин Муҳиддиновлар номзоди ҳам депутатликка кўрсатилган эди.

Лекин улар раҳбарият тавсияси билан ўз номзодларини Муҳаммад Солиҳ фойдасига қайтариб олишади…

Шу тариқа Ислом Каримов эндигина ҳокимиятга келган даврда Муҳаммад Солиҳ олимлар шаҳарчасидан ҳеч бир қийнчиликсиз Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланади…

Бундан бир оз муқаддам эса, Рафиқ Нишонов даврида унинг номзоди СССР Халқ депутатлигига қўйилганида, республика раҳбариятининг қаттиқ қаршилиги боис мағлубиятга учраган эди.

Биз бу мавзуга ҳали қайтамиз.

Хўш, нима учун Ислом Каримов раҳбарликка келгач, Муҳаммад Солиҳ билан конструктив алоқа ўрнатиш йўлини танлади?

Нима учун гапга кирмас ўжар ва шаккок Муҳаммад Солиҳ ҳам Ислом Каримов билан ҳамкорлик қилишга ихтиёр сезди?

Ростдан ҳам Муҳаммад Солиҳ ҳукумат билан келишиб, мухолифатни бўлдими? Ёки бу ерда бошқа гап борми?

Биринчидан, уларнинг иккаласи ҳам ўз характер ва ҳаракатига эга инсонлар эди.

Иккаласи ҳам шахс сифатида ҳам, арбоб сифатида ҳам мамлакатда танилган ва тан олинган кишилар бўлиб, бир бирини яхши тушунарди.

Шу маънода яхши тушунардики, Ислом Каримов бу олифта ва шоиртабиат йигит ёрдамида яқинда бўлажак сайловларни муқобиллик асосида ўтказиб, ғарб олдида ўзини демакратик йўл билан сайланган раҳбар қилиб кўсатишни истарди.
Чунки Муҳаммад Солиҳнинг чет элда ҳам обрў эътибори ниҳоятда кучли ва нуфузли эди.

Сайловлар тугандан кейин эса ҳали бурнига ип ўтказиб олиб, ҳар муқомга йўрғалатиб, сиёсат қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман деб ўйларди Президент…

Муҳаммад Солиҳ ҳам ўз ўрнида: “Президентга комфирқаликдан яна давлат раҳбарлигига ўтиб, лўттибозлик қилиш, одамларни лаққиллатиш ва энг муҳими мени сотиб олиш мумкин деб ўйлаш қандай оқибатлар олиб келишини кўрсатиб қўяман ҳали деб умидли режалар тузарди…

Муҳаммад Солиҳ “Эрк”ни тузмаса, Олий Кенгашга бўладиган сайловларда иштирок эта олмасди.

Мамлакат ва жамиятдаги сиёсий вазият ҳам шуни тақозо этаётган эди.

Ислом Каримов ўзидан олдинги раҳбар Рафиқ Нишоновни жиддий қўрқитиб қўйган “Бирлик” билан ҳеч қачон муросага бора олмаслигини Муҳаммад Солиҳ аллақачон англаб етган эди…

У нима қилиб бўлсада, янги тузилаётган Парламент сайловларида иштирок этиб, демократик йўл билан ҳокимиятга келишига умид қилаётганди.

Михаил Горбачев ҳокимиятга келиши асносида аввал Москвада, сўнг Болтиқ бўйи республикаларида эса бошлаган Эрк, Озодлик ва Ҳурриятнинг баҳорий эпкинлари унинг ана шундай умидли орзуларига қанот бағишлаётган эди.

Ажабки бу пайтда Ислом Каримов ҳам, Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзига ишонган ва ўз йўлидан ҳеч қачон ва ҳеч қандай вазиятда ҳам қайтмайдиган иродаси ва дийдаси қаттиқ, ўжар ва энг муҳими истеъдодли сиёсатчилар бўлиб етишган эдилар…

Бугун орадан шунча йиллар ўтиб кетгач, ўша тарихий воқеларни нотўғри талқин этиб, Муҳаммад Солиҳ ўзбек мухолифатини атай иккига бўлиб, “Эрк”ни тузди, сотқинлик қилди дейиш бу энди бориб турган калтабинлик, мунофиқлик ва гўлликдир!

Хўш, қайта қуриш ва ошкоралик насимлари биринчилардан бўлиб кириб борган Болтиқбўйи республикаларида биздаги каби ҳоллар бўлмадими? У ерларда ҳам мухолифатнинг битта эмас, бир нечта сиёсий партиялари тузилганини наҳот бугун Солиҳга тош отаётганлар билмаса?

Биз тўқсонинчи йиллар бошидаги мамлакат ва давлат ҳаётида муҳим из қолдирган бу муҳим сиёсий воқеа ҳодисалар таҳлилига ҳали бафуржа қайтамиз.

Лекин бир нарсани ҳозироқ айтмасак бўлмас: Муҳаммад Солиҳ сотилиш тугул, ҳеч қачон Ислом Каримовга ишонмаган ва унга ялтоқилик қилмаган. Бу унинг характерига ёт нарса!

Аксинча, Ислом ака уни кўп бор мулоқотга чорлаган ва бир неча маротаба сотиб олишга ҳаракат қилган.

Биз бу ҳақда, хусусан Президентнинг Ишлар Бошқармаси бошлиғи Зелемхон Ҳайдаровга бағишланган бобларда қисман айтдик, яна айтамиз.

Лекин Муҳаммад Солиҳ, ажабки, сотилмаган. Катта-катта амал ва имтиёзларга учмаган.

Ана шундай кейингина унга ва унинг тарафдорларига нисбатан таъқиб ва тазйиқ давлат ва мамлакат миқёсида энг олий даражада амалга оширила бошланди.

Бу таъқиб йигирма йилдирки, бир дақиқа бўлса ҳам тўхтагани йўқ…

Биз бу воқеаларга ҳам ҳали қайтамиз…

3.

1990 – йилларнинг бошида Олий Кенгаш сессияларининг бирида рўй берган воқеа ҳануз хаёлимдан нари кетмайди.

Ўшанда Муҳаммад Солиҳ сессияда сўзга чиқиб, ниманидир қаттиқ талаб қилади, лекин депутатлар қарсак чалиб, уни минбардан тушириб юборишади.

Танаффус пайтида Президиумда ўтирган Ислом ака Муҳаммад Солиҳни ёнига чақириб олади. Улар Президиумда ўтириб узоқ баҳc-мунозара қиладилар.
Нима ҳақда гаплашганлари бизга қоронғу. Шу қадар қизишиб кетишган эдики, ҳатто танаффус аллақачон тугаганини ҳам сезмай қолишади.

Депутатлар залга қайтдилар.

Ҳамманинг кўзи бир-бирига гап ўқтираётган Ислом ака билан Муҳаммад Солиҳга қадалди. Улар ҳали-вери баҳсдан бўшайдиганга ўхшамасди.

Солиҳ қўлларини пахса-пахса қилиб бир нималарни тушинтирмоқчи бўларди.

Ислом ака эса ундан қандай қилиб қутилишни билмай ноқулай бир ҳолга тушиб қолган эди.

Мен шунда парда орқасидан уларни бирпас кузатиб турдим. Олий Кенгаш раиси Шавкат Юлдошев, унинг ўринбосарлари Бугров, Аширметов ва Халиловлар ҳам ёнимда эдилар.

Ислом ака биз томонга икки-уч марта қараб қўйди. У кишининг нигоҳларида: “қаердасизлар, келмайсизларми, бошламайсизларми?” деган маъно зуҳур эди.

Ислом аканинг нима демоқчи бўлганини мен сезиб турибман, лекин бошқалар ҳеч нарсани англамасдан, қоққан қозиқдек ғўддайиб туришарди.

Ислом аканинг “Мени бундан халос қилинглар!” демоқчи эканини бир қарашдаёқ сезиш мумкин эди.

Мен депутат эмасман, Олий Кенгашнинг масъул ходими ҳам эмасман, аммо ўзимни тутиб туролмадим. Беихтиёр саҳнанинг орқа томонидан Ислом аканинг ёнига бордим-да:

– Ислом ака, депутатлар кутиб қолишди, йиғилишни бошлаш керак! – дедим бир оз энгашиб.

Ислом ака худди шуни кутиб тургандек:

– Қани улар? Келишмайдими ахир! – деди жаҳл билан.

Шунда Муҳаммад Солиҳ менга бир ўқрайиб, нимадир деб тўнғиллади.

Ислом ака шартта ўрнидан туриб, Олий Кенгаш раҳбарларига қаради-ю, улар жадал келишиб ўз жойларини эгаллашди. Сессия бошланди.

Шундай қилиб мен Ислом акани Муҳаммад Солиҳнинг навбатдаги ҳамласидан халос этиб олган эдим.

Ислом ака ўшанда ростдан ҳам жуда ноқулай бир аҳволга тушиб қолган эди…

Ҳайронманки, у кишининг атрофида юрадиган айрим раҳбарлар Ислом аканинг кўзларида қандай маъно акс этиб турганини билишмасди.

Ваҳоланки, мен: “Депутатлар кутиб қолишди…” деган заҳотим: “Бор, йўқол!” деб ҳайдаб юборишлари ҳам мумкин эди.

Лекин ўша тобда Ислом аканинг ҳамсуҳбатидан безор бўлиб, кимдандир мадад истаб турганини англаш қийин эмасди…

Муҳаммад Солиҳ аслида оғир, босиқ, мулоҳазали йигит. Бирдан жаҳли чиқиб кетадиган пайтлари кам бўларди, лекин ўшанда менга қараб: “бу ўз эгасига қачон ёрдам кераклигини ҳам билади” дегандек гап қилганди…

4.

Умуман шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш керак: Мирсаидовнинг тарафдорлари тўполон кўтарган сессияда Муҳаммад Солиҳ бетараф турган, фитнада қатнашмаган.

Эҳтимол, фитнадан мутлақо бехабар ҳам бўлгандир.

Ўша пайтларда Президентнинг ашаддий рақиблари сафида эмасди, интригаларда иштирок этмасди.

Ислом акага қарши уюштирилган сессияда ҳам у “исёнчилар” ҳаракатидан бехабар бўлган шекилли, бетараф қолган.

Умуман, Муҳаммад Солиҳ сессияларда бўлар-бўлмасга минбарга чиқиб, ҳар хил баҳс-мунозараларда ўзини кўрсатиб қўйишга беҳуда уринмасди, ўзини босиб индамасдан ўтирарди.

Баъзи депутатлар эса аксинча, минбарга чиқиб ўзларини кўрсатишга ишқивоз бўлсалар, Муҳаммад Солиҳ эса аксинча тўполонларга, микрафон олдидаги даҳанаки жангларга ҳуши йўқ эди, хотиржам ўтирарди.

Хўш, кейинги йигирма йилда жуда кўп шов-шув ва турли тахмин ва интерпритацияларга сабаб ва мавзу бўлган ўша сессияда аслида нима бўлган эди?

Мирсаидов тарафдорлари бош кўтарган бу йиғин ва унинг тафсилотлари ҳали ҳануз менинг ёдимда.

Мен бугун бу воқеаларни тўлалигича ёритишдан кўра, мавзуимиздан келиб чиққан ҳолда Муҳаммад Солиҳга оид нуқталарнигина тилга оламан, холос.

Ҳар галги сессия йиғинларида Президентнинг тарафини олиб келган депутатлар, хусусан Тошкентлик ноибларнинг кутилмаганда Ислом Каримовга ташланиб қолиши ёқмаган эди Муҳаммад Солиҳга.

Унинг феъли ва характерини яхши билган одамлар учун бу табиий ҳол эди.

Чунки Муҳаммад Солиҳ ҳамиша ёлғиз ва камкучлар тарафида бўлган ва уларни ҳимоя қилган. Ҳаётда ҳам, депутатлик фаолиятида ҳам у ҳамиша ўз принципларига содиқ эди.

Ўша кунги сессияда ҳам у Президентни азбаройи яхши кўрганидан эмас, балки ана шу принципиал ҳатти ҳаракати ва одатидан келиб чиқиб Ислом Каримовни ҳимоя қилиб сўз айтган эди.

Яна такрор айтаман: Ҳар гал Президент тарафини олиб, сессия мажлисларида Муҳаммад Солиҳ ва бошқа демократик руҳдаги депутатларнинг фикрини бўлиб, уларни қарсак ва ҳуштаклар билан сўзлашига халал бераётган “кўпчилик”нинг бу одати уни ўша куни мувозанатдан чиқариб юборган эди…

Шунинг учун ҳам у уларга қарши кескин ва принципиал ўз сўзини яна бир бор айтган эди…

Мана йигирма йилдирки, унинг мухолифлари ўша сессияда Муҳаммад Солиҳ Президентни ҳимоя қилди ва айнан у туфайли Мирсаидов ўз мақсадига етолмади деб келишади.

Бу мутлақо нотўғри ва бўлмаган гап!

Мирсаидов ўша куни Муҳаммад Солиҳ ва унинг танқиди учун эмас, балки ўзининг ожизлиги ва тутуриқсиз нутқи боис мағлубиятга учраган эди.

Унга ишониб, уни деб ҳаётини хавф хатарга қўйган юзлаб тарафдорларини, хусусан тошкентлик ноибларни ҳайрону лол қилиб у ўша куни кутилмаганда ирод этган нутқнинг ишончли манбалардан бизга етиб келган тўла матнини бугун эътиборингизга ҳавола қилишга мажбурмиз.

Шунда кўп нарсалар ўз-ўзидан ойдинлашади:

Ш.Р.Мирсаидов: – Ҳурматли ўртоқлар! Энг авваломбор ҳаммангизни ҳамжиҳатлик ва бирликка чақирмокчиман. Чунки, ҳаммамизнинг орқамизда халқ турибди. Агар биз ҳамжиҳат бўлмасак, бир-биримизни қўллаб-қувватламасак, халқ бизни кечирмайди.

Энди бояги масалалар бўйича. Сиз ҳозир ўртага қўяётган масалани мен бир йил олдин айтганман. Президентни халқ сайлаши керак, деган таклиф киритганман.

Ана шунда ҳурматли Ислом Абдураниевичга ҳам ҳозир, халқ ҳаммамизни қўллаб-қувватлаб турган вақтда Президент сайловини ўтказиб олсак яхши буларди, деб айтганман. Кейин қийин бўлиши мумкин.

Ислом ака бу таклифни менинг номимдан Президентлик Кенгашига олиб чиққанлар. Буни ҳам бўйинга олиш керак. Кенгашда айрим хушомадгуйлар, келажакни кўра билмайдиганлар бу масалани ҳозир кўтарсак, халқ иккига бўлиниб кетади, дейишди.

Мана ҳозир олиб чиқсак, тўртга бўлиниб кетаяпти.

Лекин, ана шу Ефимов, ўша вақтдаги Совмин раисининг биринчи муовини Берков Мирсаидов амал талашаяпти, деб гап тарқатган.

Берковни мен бирга ишламаймиз, деганимдан кейин Президентлик Кенгашига ўтказиб, кейин Москвага жўнатиб юборилди.

Ана шунда Вазирлар Кенгаши тугатилиб, Президент ҳузуридаги Вазирлар Махкамасига айлантирилди ва Вице-президент лавозими таъсис этилди.

Мен ўшанда ҳам халқ хар хил фикрга бормасин, қачонгача ўзбек халқи амал талашади, деб норози бўлмасин деган мақсадда тишни-тишга қўйиб нима иш кўрсатилса, шуни бажариб келдим.

Лекин халқимнинг олдида рўйи рост айтаманки, ўз вазифамни ҳалол, пок бажариб келдим.

Кейинги вақтларда айрим гап-сўзларга ишониб, мени амалий ишлардан узоқлаштириш ҳаракати ҳам бўлди. Бу менга эмас, балки иқтисодиётга зарар келтиришини Президентга айтдим.

Бундан 15 кун олдин Москвага шартнома тузишга кетишдан олдин Ислом акага мени тинч қўйинглар, мен бу лавозимда ишламай, деб айтдим. Рухсат сўрадим.

Қайтиб келганимда ҳам айтдим. Кеча ҳам шу гапни қайтардим. Бундан беш кун олдин ҳам айтганман.

Сизларга мени Министрлар Кенгашининг Раиси этиб сайлаётган вақтингизда ҳам бу гапни айтганман.

Мен қаерда ишлашимдан қатъий назар ўз халқимга, ўз юртимга хизмат қиламан.

Шунинг учун менга амалинглар керак эмас.

Шунга қараб хулоса қилинглар. Бош вазир дейдими, Вице-президент дейдими, бало-баттар дейдими, менга амал керак эмас.

Мен ҳеч қачон ҳеч кимга бўйсуниб ишламаганман ва ишламайман ҳам.

Тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни афзал кўраман.

Эътиборларингиз учун раҳмат, мени тинч қўйинглар…

Шукрилла Раҳматович шу сўзларни айтиб бўларкан, сессия зали ажиб бир жимликка чўккан эди.

Айтиш мумкинки, унинг тарафдорлари ундан бундай ожизона ва таслимий нутқни эмас, балки шиддат ва нафрат билан Ислом акага ташланишини кутишган экан.

Аниқроғи бир кун олдин улар айнан мана шундай ҳатти ҳаракатга келишиб олгишганликларини мен кейин эшитдим…

Яна бир гап. Узун қулоқ гапларга қараганда сессия бўлишидан бир кун олдин эртанги фитнадан воқиф бўлган Ислом Каримов Шукрилла Мирсаидов билан учрашган ва ниҳотда кўп ичилган шароб таъсирида икки дўст юракдан гаплашиб олишган.

Мазкур суҳбат чоғида Президент ўз дўстидан эртанги сессияда “ҳужум қилмаслик ва сулҳга бориш” ваъдасини ола билган…

Нималар эвазига бу бизга номаълум…

Бу тахмин ва башоратлар қанчалик рост ёки ёлғон бу ҳам бизга қоронғу…

Уни эрта бир кун бугунги давр ва сиёсат ўзгарса – Каримов ёки Мирсаидовнинг ўзлари ёки хуфия хизмат архивлари очиқлаши мумкин…

Мен ҳам одатдагидек бу йиғилишда иштирок этган ва Ислом аканинг яқин мулозимлари билан биринчи қаторнинг бешинчи ўриндиғида Мавлон Умрзоқов ва Зелемхон Ҳайдаровларнинг ўртасида ўтирар эдим.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, Шуҳрат Нусратов рус тилида Ислом акага қарши гапираётган маҳал ногоҳ менинг кўзим Президиумда мўнғайиб ўтирган Ислом акага тушиб қолди.

Во ажаб, боягина бутун дунёга ҳукмрон бўлиб ўтирган одам бир лаҳзадаёқ кичрайиб, муте ва ночор, бечора бир кимсага айланиб қолган эди.

Айниқса, Шуҳрат Тўҳфатовичнинг: Сизнинг бу бежилов феълингиз ва қуюшқонга сиғмас ҳатти ҳаракатингиз боис ҳам Ўзбекистон жиловини қўлингизга бериб қўйиш мумкин эмас. Бунинг оқибати фожеали тугайди ҳали…” деган оловли сўзлари йигирма икки йилдан бўён худди кечагина айтилгандай қулоқларим остида ажиб бир ҳайрат ва ҳасрат билан акс садо бериб турибди…

Ўшанда Ислом акага жуда раҳмим келган эди. Агар депутат бўлганимда бориб минбарда гапириб турган Шуҳрат аканинг ёқасидан олишим аниқ эди.

Бугун ўйлаб қарасам, яхшиям депутат бўлмаган эканман ўша пайтда…

Яна бир гап. Ўша Президиумдаги ночор ва чорасиз ҳолида Ислом ака кўзлари билан залнинг ўртароғида ўтирган Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўша пайтдаги раиси Ғулом Алиевни излаб топган эди.

Мен у кишининг ҳам ғазаб, ҳам қасос, ҳам қўрқув билан хуфия хизмати идораси раҳбарига тикилган ўйчан ва саволчан нигоҳларига боқиб, эртага мамлакатда нималар рўй бериши мумкинлигини ўзимча фараз қилиб улгурган эдим.

Хато қилмаган эканман.

Ўша сессияда Ислом акага қарши чиққан депутат ва мулозимларнинг ҳаммаси, ҳатто Мирсаидов билан шерикликда гумонланганлари ҳам кейинчалик турли баҳонаи сабаб билан сиёсат саҳнасидан батамом супуриб ташландилар.

Уларнинг деярли ҳаммаси ҳибс, ҳақсизлик ва ҳалокатга маҳкум этилди. Тирик қолганлари эса хорижга кетишга мажбур бўлишди…

Майли, мазкур сессия тафсилотларига бағишланган махсус бўлим ва бобларда бу воқеаларнинг батафсил таҳлилига яна қайтамиз.

Биз бугун Муҳаммад Солиҳга бағишланган бобда – Мирсаидовнинг сессиядаги нутқи ҳақида гаплашаётган эдик. Мавзуга қайтсак.

Мирсаидов ўзининг ана шу нутқидан кейин мағлубиятга учради.

У сўзга чиққанидан кейин биринчи бўлиб гапириши лозим бўлган Президент тарафдори таклифи билан Ислом Каримовга ишончсизлик эълон қилиниши керак эди.

Лекин Мирсаидовнинг юқоридаги нутқи унинг тарафдорларии учун кутилмаган зарба бўлиб тушди ва улар мағлубиятга учрашди.

Муҳаммад Солиҳнинг нутқидан кейин эмас.

Шуни Муҳаммад Солиҳнинг хотираси хиралашган рафиқу рақиблари билиб қўйсалар ёмон бўлмасди…

5.

Ҳа, Муҳаммад Солиҳ минбарга чиқиб қолса жуда кескин гапирган пайтлари ҳам бўлган.

У жуда кескин гапирган ана шундай сессиялардан бири ёдимда қолган.

(Муҳаммад Солиҳ (чапдан биринчи) Чехословакияда ҳарбий хизматда)

Қашқадарёдан Шовриқ Рўзимуродов ва Дамир Бозоров деган депутатлар бор эди.

Навбатдаги сессияларнинг бирида барча демократлар, жумладан Муҳаммад Солиҳ ҳам Ислом акага қаттиқ ташланиб қолишади.

Жанжални бир оз тинчитиш учун Олий Кенгаш раиси Шавкат Юлдошев кутилмаганда танаффус эълон қилади.

Танаффус пайтида уч-тўрт безоринамо депутатлар Ислом аканинг топшириғи билан Муҳаммад Солиҳни ўраб олишади. Унга ҳамла қилиб, биқинига нўқиб, турткилай бошлашади.

Бечора уёқ-буёққа аланглайди, атрофида унга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ эди.

Танаффус бўлса ҳам ҳеч ким залдан чиқиб кетмаган, ҳамма Солиҳнинг ноқулай аҳволга тушиб қолганини кўриб ўтирарди. Президент ҳам ҳали раёсатда эди.

Микрафон атрофини уч-тўрт киши ўраб олган, Муҳаммад Солиҳ ўртада қолган, Дамир Бозоров эса ёнига бориб Солиҳга ҳамла қилган эди.

Қизиқки, Шовриқ Солиҳ тарафида бўлса, Дамир унга қарши эди. Уларнинг иккаласи ҳам менинг ҳамюртларим – Қашқадарёдан эди.

Шуни айтиш лозимки, ўта маданиятли Солиҳ Олий Кенгашдаги бу маданиятсиз ҳамкасбларининг ҳатти-ҳаракатларидан довдираб қолади.

Ҳолбуки, у новча ва чаққон бўлиб, муштлашишни ҳам жойига қўя биларди. (Абдуллаева замонида Москвада таҳсил кўрган битта қаламкаш дўстини сотқинликда айблаб роса дўппослаганини эшитганмиз)…

У салмоқли мавзуларда нутқ сўзлашга уста бўлса-да, лекин майда-чуйда даҳанаки жанглар ва жанжаллар пайтида ўзини йўқотиб қўяр эди.

Зотан, маданиятли ижодкор ва ўта ҳалол сиёсатчи учун бундай ноқулай ҳолга тушиш табиий эди.

Бировларни уриб, бошини ёриб ҳақорат ва жаҳолат билан сиёсий саҳнага чиқиш мумкинлигини у ўша пайтларда етти ухлаб тушида ҳам кўрмаганлигига мен бугун ишонаман.

Маданият ва хуш хулқлик билан ҳам сиёсатда ютуқ ва зафарларга эришиш мумкин деб ўйлайдиган содда ва ориятли, ҳалол ва маданиятли йигит эди ўшанда Муҳаммад Солиҳ.

Ва йигирма икки йил ўтса ҳамки, у ҳануз ўша эътиқодида қолганига мен бугун шубҳаланмайман.

Ўшанда у жуда ғалати аҳволда қолди, вазиятдан чиқиб кетолмади.

Уни ўша ноқулай аҳволдан Шовриқ Рўзимуровдов олиб чиқиб кетгани ҳануз ёдимда.

Эҳтимол, депутатлик мандати бўлгани учун ҳамкасблари билан сессия залида муштлашиб юришни ўзига эп кўрмагандир. Бу ёғи менга қоронғу.

Нима бўлганда ҳам тўқсонинчи йиллар ўзбек парламентидаги бу ажиб ва ғаройиб ҳолатни биз Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий портретига битта чизги сифатида бугун элга ошкор қилишни лозим топдик, холос…

Бугун яхшилаб ўйлаб қарасам, ўз сиёсий рақибларини куч ишлатиб, биқинига муштлаб, бошини ёриб, маҳв этиш санъатини Ислом ака мамлакатга раҳбарлик қилган дастлабки кунларданоқ жуда пухта ва мукаммал эгаллаган экан…

Ўша кунги сессия залида ҳам Солиҳга ҳамла қилишни яккабоғлик ҳамюртимга Ислом ака менинг ёнимда туриб ўргатган эди.

Мен бунга шахсан гувоҳ эдим.

У киши бу гапни айтганида Шовруқ ҳам ёнимизда эди. Лекин у аксинча, Солиҳни ҳимоя қилиб, Дамир Бозоровга қарши чиқди…

6.

…Мен Муҳаммад Солиҳнинг хонадонида икки-уч маротаба меҳмон бўлганман.

У Дархондаги ёзувчиларнинг маҳалласида – ўша уни сотқинликда айблашган уч хонали квартирада яшарди.

Биринчи подьездда – бешинчи қаватда турарди.

Миразиз Аъзам, Тоғай Мурод, Ўрол Ўтаев, Мирзо Кенжабоев Ражаббой Раупов ва Ҳамроқул Асқарлар билан қўшни эди.

Оиласи Света (Ойдин ) опа (Украиналик) қўли очиқ, меҳмондўст ва дилкаш аёл эди.

Уйида кўпинча чет эллик меҳмонлар, ўзимиздан Рауф Парпи, Ҳамроқул Асқар (Одил Ёқубовнинг ёрдамчиси) бўларди.

Ҳамроқул билан биз қалин оғайни эдик. Бир гал у мени Муҳаммад Солиҳнинг уйига таклиф қилди.

У ўзи билан Солиҳнинг уйига “Огонёк” журналининг махсус мухбири Андрей Минкин (машҳур “Пахта қуллари” мақоласи муаллифи) ни ҳам бошлаб борган эди.

Солиҳнинг уйида ҳамиша мўл-кўл пиволар, винолар ва албатта чет эллик меҳмонлар бўларди.

Европанинг кўзга кўринган оммавий ахборот воситаси мухбирлари ўзбек мухолифати лидери сифатида уни излаб Тошкентга келишарди.

Биз эса ўша пайтларда Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистондаги демократик ҳаракатнинг раҳбари сифатида ҳурмат қилардик ва унинг ёнида ўралашиб юришни ҳам ўзимизча фахр ва ифтихор деб билардик…

7.

Бу гаплар Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлиб келгунча рўй берганди. У пайтларда мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг мухбири бўлиб ишлардим.

Шу ўринда айтишим керакки, ўшанда мен Муҳаммад Солиҳни ҳимоя қилиб “Ошкораликка қарши ошкора кураш” номли каттагина бир мақола ҳам ёзганман.

СССР Халқ депутатларининг сайлови пайтида Муҳаммад Солиҳнинг номзоди ҳам кўрсатилади. У Эргашев деган одам билан битта окрукка тушиб қолади.

Нишонов ва Анишчев бошчилигидаги Ўзбекистон раҳбарлари Солиҳнинг депутат бўлишига тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатишади.

Солиҳ учрашувларга борган жойларда чироқлар ўчириб қўйилади, сайловчилар тарқатиб юборилади ва ҳоказо.

Охир-оқибат Муҳаммад Солиҳ депутатликка сайланмайди.

Улар “Адабиёт” газетасининг раҳбариятга мурожаат қилиб, мени махсус мухбир сифатида сайлов машмашаларига жалб этишади.

Мен Муҳаммад Солиҳнинг ўша пайтдаги тарафдори Абдуманноп Пўлатов ва Шуҳрат Исматиллаевлар билан биргаликда сайлов жараёнларини ўрганганман.

У пайтларда Муҳаммад Солиҳнинг қўллаб-қувватловчилари ниҳоятда кўп эди. Чунки Нишоновга ўхшаш совет даври раҳбарларидан халқнинг кўнгли аллақачон қолган эди.

Мен сайловга алоқадор факт ва далилларни тўплаб яхшигина бир мақола ёздим. Ҳозир ўша мақола қаердадир ётган бўлиши керак.

Тан оламан, бу мақола Муҳаммад Солиҳга катта эҳтиром билан ёзилган. У мақолани ўқиган, менга раҳмат айтган.

Чамаси, ўша мақола гарчи матбуотда эълон қилинмаган бўлса-да, лекин азбаройи тўғри ёзилгани ва Солиҳга маъқул бўлгани учун ҳам эҳтимол, у мени кейинчалик Москвага, СССР Халқ депутатларининг биринчи съездига вакил қилиб юборгандир.

Ёзувчилар уюшмасининг раиси Одил Ёқубовга айтиб, мени “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг махсус мухбири сифатида Москвага командировкага юборишади.

Мақолани расмий ҳукумат нашрлари эълон қилишдан бош тортишади.

Шунда уни Нодира Рашидова (Усмон Носирнинг жияни) рус тилига таржима қилиб, норасмий нашрларнинг бирида, агар адашмасам, “Бирлик” газетасида эълон қилади.

Бу Муҳаммад Солиҳ номзоди кўрсатилган сайловдаги кўзбўямачиликлар ҳақида ёзилган “Ошкораликка қарши ошкора кураш” номли тарихий мақола эди…

8.

Республикамиздаги норасмий “Бирлик” халқ ҳаракатининг Чуқурсойдаги биринчи митинггида ҳам мен халқнинг олдига чиқиб оташин нутқ сўзлаганман.

Агар адашмасам, Абдураҳим Пўлатов ва Аҳмад Аъзамлар митингга бошчилик қилишган эди.

Мени у пайтларда кўпчилик танимасди-ю, лекин нутқим равон, фикр-мулоҳазаларим мантиқли бўлгани учун одамлар мени ҳаммадан кўра кўпроқ олқишлаган эди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, мен микрафондан ҳаяжон билан гапира бошлаганимда бўйим паслиги учунми одамлар “ўзини кўрайлик, ўзини” деб ҳайқира бошлашади.

Шунда: “Одамлар, четга чиқинглар, мени халқ кўрсин!” деб ҳайқирганимни ҳали ҳануз баъзи дўстларим менга эслатиб туришади…

“Ёш ленинчи” газетасида Чуқурсойдаги митинг тўғрисида хабар босилади.

Ўша куни “Озодлик”, “БИ-БИ-СИ” ва “Америка овози” радиолари ўша митингдаги нутқимни бутун дунёга эшиттирадилар.

Кутилмаганда мен шон-шуҳратга бурканиб қолган эдим.

Бу – энди ўтган давр.

9.

Кейинчалик Ислом Каримов республикамизга раҳбар бўлиб келганидан сўнг мен бу инсонга ишондим.

Ўзбекистоннинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида чуқур ислоҳотлар, ўзгаришлар рўй беражагидан умид қила бошладим.

Авваламбор, мен у кишининг шахсан ўзига ишонганман.

Мени Ислом Каримов сиёсатини қўллаб-қувватлашга аҳд қилганимни эшитиб, Муҳаммад Солиҳ ҳеч қандай эътироз билдирмаган.

У ҳаммасини тўғри тушунган. Ҳатто “ЭРК” партиясининг битта йиғилишида:

– Исматнинг очиқ гапиришига тан бериш керак. Ёнимизда юрган, лекин кўнгли у ёқда бўлган айрим партиядошларимизга қараганда Исмат ўн марта яхшироқ. Мен унинг ростгўйлиги ва самимиятини ҳурмат қиламан. Иккиюзламачиликдан, мунофиқликдан худонинг ўзи асрасин! – деган экан.

Бу мен учун катта баҳо эди!

У мени тўғри тушунган.

”Ҳаёт ва иқтисод” журналига раҳбар бўлиб кетганимдан кейин Солиҳга Ислом Каримовни ёмонлаб ёки аксинча, Ислом акага Муҳаммад Солиҳни ёмонлаб унинг баъзи сафдошларига ўхшаб чақмачақарлик қилиб юрганим йўқ.

Мен ўз позициямни бирдан айтганман:

– Биз яхши муносабатни сақлаб қоламиз. Лекин сиёсат масаласида мен Ислом Каримовга тарафдор бўламан, – деганман…

10.

Агар мен Ислом Каримовга ишониб, унинг командасига ўтиб, кейинчалик қоқилган ва қамалган бўлсам, бу энди ўзимнинг шахсий феъл-атворимга, ҳовлиқма ва енгилтак табиатимга боғлиқ.

Албатта, омад деган нарса ҳам мендан юз ўгирди.

Лекин барибир одам доимо очиқ-ойдин, ҳалол ва ростгўй бўлмоғи ва курашганда ҳам шундай курашмоғи керак.

Бир кишининг командасига киргандан кейин охиригача садоқатли бўлиш керак.

Ислом Каримовнинг менга қилган яхшиликлари, маслаҳат ва йўл-йўриқлари, ҳаётимнинг оғир ва омадсиз кунларида мени қўллаб-қувватлаб, ўзига яқин олиб, амалдор қилганини бошқалар эҳтимол осонгина унутар, лекин мен, худо ҳаққи, бундай қилолмайман.

Нима қилай, табиатан шунақаман. Биров қилган яхшиликни унутадиган нонкўр эмасман. Бу яхшиликни қилган одам ҳатто Ватан ва миллат тақдирига у ёки бу маънода дахлдор бўлса ҳам…

Менинг бугунги сиёсий бахтсизлигим ва фожеам ҳам эҳтимол шундандир…

Буни – мени ҳанузга қадар Президентнинг “айғоқчиси”, “Иноятовнинг агенти” деб юрган мухолифларим ҳам, мужоҳидларим ҳам яхшилаб билиб олишларини истардим.

Бугун амалда бўлсам – Президентни мақтаб, ишдан кетсам – ёмонлаб юрсам, бу энди бориб турган лўттибозлик бўлади.

Эҳтимол, кўплар борар, лекин мен бундай йўлдан боролмайман.

Менинг қай даражада ҳақ ёки ноҳақ эканлигимни китобхонлар, яқин дўстларим, оила-аъзоларим билар ва тўғри тушунар деб ўйлайман.

Чунки мен ҳамиша ўзим билган, ўзимнинг ақлим етган ҳақиқатни рўй-рост айтиб келганман ва ўша ҳақиқат учун қўлимдан келганча курашганман.

Негаки, бу дунёда ҳар бир одамнинг, у каттами ё кичикми, ўз хақиқати, ўз ҳаётий принциплари бўлади.

Мен ҳеч қачон ўз рақибларимга қарши зимдан кураш олиб бормаганман, бировга қарши “тахаллус” билан мақола ёзмаганман.

Мен айрим кимсаларнинг имзоси билан беш-ўн йиллардан кейин қандайдир китоблар чоп этилишини, “биз гапнозланиб қолган эдик” қабилидаги бўҳтонлар, мағзавалар пайдо бўлишини ҳам яхши биламан.

Лекин мен Ислом Каримов ҳақида ҳеч қачон бундай гаплар айтмайман, айтолмайман. Айтишга маънавий ҳаққим йўқ!

Ҳолбуки, унинг хато ва камчиликларини ҳам, Ўзбекистондаги бугунги аянчли иқтисодий ва сиёсий вазиятни ҳам яхши биламан…

Шунинг учун ҳам мен (бошимга тушган мусибатларга фақат ўзим сабабчи эканлигимни тан олган ҳолда) бугун шу китобни ёзаяпман.

Эртага бу китобдан тонмоқчи эмасман!

Чунки бу китобни ўз ихтиёрим билан ёзаяпман, шу китобни ёзасан деб ҳеч ким менга буюртма берган ёки мажбурлаган эмас.

Худога шукрки бу китоб Сиз истайсизми ё йўқ, кўплар ўқийдиган ажойиб бир асар бўляпти…

Мен фақат ўз виждоним олдида ҳисоб бериш учун , яхшими-ёмонми, ўтган умримни сарҳисоб қилиш учун бу китобни ёзаяпман…

11.

Биз Муҳаммад Солиҳ тўғрисида гапираётган эдик.

Қисқаси, у даҳанаки жанглардан чарчадими ёки бу тенгсиз кураш ва тазйиқлар олдида ўз ожизлигини сездими, ёки Ўзбекистон парламаенти ўзи орзу қилган ниятларни амалга оиширишига ишонмадими, билмадим, депутатлик мандатидан ўз ихтиёри билан воз кечади…

Қайсидир бир сессияда сўз сўраган эди, унга сўз бермайдилар.

Ёки микрафонда гапираётган пайтида, микрафонни ўчириб қўйишдими, ҳозир аниқ эсимда йўқ, шунда дадил ўрнидан турди-да, “билдирув” ёзилган оппоқ қоғозга депутатлик гувоҳномасини ўраб минбар томон борди.

Чамамда, олдиндан аризасини ёзиб қўйган экан.

Агар Москвадаги тарихий X1X – Партия конференциясида Борис Ельциннинг партбилетини топширган ҳолат эсингизда бўлса, у ҳам минбарга чиқиб: “Мен бундан кейин КПССнинг Марказий Комитетига ҳам, бу партияга оддий аъзо бўлишни ҳам истамайман!” деб тушади-да, раёсатда ўтирган М.С.Горбачёвнинг олдига партбилетини қолдириб, мажлислар залини тарк этади.

У қўш табақали нақшинкор эшикдан чиқиб кетгунча делегатлар: “Уят! Уят!” (Позор! Позор!) деб қичқириб қолишади…

Мен ўша драматик ҳолатни телевизордан кўрганман. Ельцинни ўз отамдек ҳақоратланган, ўз отамдек хор бўлган инсон сифатида билиб эзилиб йиғлаганман.

Ўшанда “Саодат” журналидан ҳайдалиб юрган пайтларим эди, шекилли. Ўша ҳолат кўз ўнгимда мангуга муҳрланиб қолгандек эди гўё.

Қарангки, Муҳаммад Солиҳ ҳам минбарга яқинлашган пайтида бирдан зал жимиб қолди.

Кўпчилик ўйладики, ҳозир Солиҳ минбарга чиқади ва раис сўз бермаса ҳам гапиради деб.

Лекин ўша пайтда унда бу шижоат йўқ эди. У минбарнинг ёнидан ўтиб, Олий Кенгаш раиси Шавкат Юлдошевга юзланди-да, унга бир нималар деди.

Мен биринчи қаторда ўтирган бўлсам ҳам, унинг нима деганини эшитмадим.

Бир гапни айтди-ю, лекин гапининг жавобини ҳам кутмасдан қўлидаги оппоқ қоғозга ўралган депутатлик гувоҳномасини раиснинг олдига қолдириб, унинг бўйи баланд эди, қўлини узатса бемалол раёсатга етарди, шундоқ чап томонга бурилди-ю, эшикдан ташқарига аста-секин юриб чиқиб кетди.

Унинг шу ҳолати эсимда қолган. Эҳтимол, ўшанда Муҳаммад Солиҳни охирги марта кўрган бўлсам керак…

Бу пайтга келиб, мухолиф фикрдаги дупутатлар бирин кетин ҳибс этилиб, депутатлик ваколатларидан мосуво қилина бошландилар.

Муҳаммад Солиҳ тарафдори бўлган Муборак шаҳар совети раиси Мурод Жўраев, Тошкент вилоят нефтебазаси директори Самандар Қўқоновлар ҳибсга олиниб, озодликдан маҳрум этилдилар.

Анчадан бўён ҳибсда қолаётган Шовруқ Рўзимуровдовнинг аянчли тақдири мухолифат аъзоларининг аччиқ сабоқ чиқаришлари учун дарс бўлиб хизмат қилишини истарди ҳукумат.

Ислом Каримов мухолифатга қарши аёвсиз жанг бошлаган ана шундай бир пайтда Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлади…

Унинг муҳожирликдаги ҳаёти ҳақида ҳали вақти соати келиб дарсликлар ёзилиб, илмий ишлар қилинишига мен бугун қаттиқ ишонаман…

12.

Чехия Президенти Вацлав Гавел Прага полицияси Муҳаммад Солиҳни интерпол ордери асосида қамаганида, унга оид ҳужжатлар билан қизиқади.

Гавел бу ҳужжатларда Ички Ишлар вазири имзоси ўрнига давлат раҳбарининг имзосини кўриб, ҳайратланади.

Ва Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга топширмасликка қарор қилади…

Муҳаммад Солиҳнинг хатолари ҳам бор, албатта. Зотан, “беайб – ёлғиз парвардигор” дейдилар.

У ниҳоятда ишонувчан одам. Соддадил инсон. Сиёсатчи учукн бу фазилатлар ортиқча сифатлардир!

Кўпчилик унинг парламентни тарк этгани хато бўлди деган фикрда.

Менимча, бу нотўғри фикр. Буни ўша пайтларда депутат бўлганлар яхши билишади.

Депутатлик билетинг борми ё йўқ, қатьий назар сен ҳеч ким эмас эдинг. Сенинг фикринг эътиборга олинмас эди. Сен билан на ҳукумат, на давлат, на жамият ҳисоблашмай қўйган эди…

Шундай бир вазиятда депутатман деб кўкрак кериб юришдан уялган, ор қилган у!

Унинг ҳалоллиги, намозхонлиги, рақибларига нисбатан ҳам адолатпарварлиги ҳақида ҳам айтиб ўтиш лозим.

Яна бир гап.

Кўплар унинг айнан номозхонлиги учун ҳам эрта бир кун ҳокимиятга келса, Ўзбекистонда халифатни тарғиб қилади деб ўйлашади.

Бу мутлақо хато фикр.

Мен билган Муҳаммад Солиҳ ҳеч қачон бундай йўлдан бормайди.

У ҳамиша Ўзбекистон инсон ҳақ ҳуқуқлари устун турадиган, ҳур ва озод, демократик ва ривожланган замонавий давлат бўлишини орзу қилган…

13.

Шак-шубҳасиз Муҳаммад Солиҳ талантли ва кучли шоир.

Мен Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов шеъриятини жуда севаман.

Албатта, Муҳаммад Солиҳ шеърияти биз кўникма ҳосил қилган анъанавий йўналишдаги шеъриятга асло ўхшамайди.

Соли аканинг шеърлари япон шеъриятига ўхшайдими, Ғарб адабиётига тақлидми, мен у ёғини билмайман, уни тафтиш қилиш адабиётчи олимлар ва соҳа мутахассисларининг вазифаси.

Лекин мен шуни яхши биламанки, Муҳаммад Солиҳ кучли ва миллатпарвар шоир. Унинг фалсафий шеърларида халқ дарди ўзига хос шаклда ифодаланади.

У Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовларга ўхшаб ҳамма гапни очиқ-ойдан айтмайди, баъзан шоирнинг нима демоқчи эканини шеърхон тугул, ҳатто зукко адабиётшунослар ҳам тушунмай қолади.

Шунинг учун ҳам саксонинчи йилларда адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров Муҳаммад Солиҳ шеърияти тўғрисида “Шеърингизни тушунтириб беринг!” номли мақола ёзган эди.

Лекин Солиҳнинг барибир, ўзига яраша мухлислари бор эди. Хусусан, талаба-ёшлар ўртасида Муҳаммад Солиҳ хийла машҳур эди…

14.

Ёзувчилар уюшмасига Одил Ёқубов раис бўлган даврда, маълумки, Муҳаммад Солиҳ котиб вазифасига сайланади. У пайтларда раҳбар бўлиш учун номзод одам албатта партия аъзоси бўлиши шарт эди.

Лекин Муҳаммад Солиҳ коммунист бўлмаса ҳам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тарихида биринчи марта “партиясиз” котиби этиб сайланади…

Ўша – котиб сайловига бағишланган йиғилишда атоқли ёзувчимиз Пиримқул Қодиров айтган гаплар ҳамон эсимда:

“Муҳаммад Солиҳ ўз авлодига мансуб ижодкорлардан бир бош баланд туради. Устига устак, унинг оиласи Европа миллатига мансуб. Мен бу гапни атайлаб таъкидлаяпман. Чунки шу пайтгача уюшма раисидан кейинги даражада турадиган иккинчи котиб вазифасини, одатда, рус миллатига мансуб ўртоқлар бажарардилар. Мана, охирги пайтларда бу вазифада Евгений Березиков ишлади. Демоқчиманки, Муҳаммад Солиҳнинг ҳам ярми “русийзабон”. Шунинг учун мен унинг номзодини қўллаб-қувватлайман”, деган эдилар раҳматли Пиримқул ака ўшанда…

Ҳурматли ёзувчимизнинг бу гаплари шоирнинг тенгдошларига эриш туюлади, кўпчиликнинг ғашини келтиради.

Айниқса, “бир бош баландлиги” ва хотинининг “русийзабонлиги”…
Усмон Азимов: “Тўғри, Соли ҳаммамиздан новча, Пиримқул ака Солининг бўйига ишора қилди, хафа бўлманглар!” деб аския қилганди.

Хуллас, Пиримқул Қодиров номзодни ёқлайман деб, “қовун” туширади.

Уюшма котиби – катта лавозим эди. Унинг муҳташам кабинети, тўртта рақамли ҳукумат телефони – “вертушка”си, хизмат машинаси, котибаси бўларди.

Боз устига Марказқўм номенклатурасида турарди.

Гарчи, Муҳаммад Солиҳ коммунист бўлмаса-да, лекин махсус рўйхатга киритилган шахс сифатида барча имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Мен у кишининг моддий имтиёзлардан қай даражада фойдаланганини билмайман, аммо ўзининг мавқеидан фойдаланиб, айнан Ёзувчилар уюшмасининг қошида “ЭРК” демократик партияси тузганини яхши биламан.

(Аввало “Бирлик” учун махсус жой ажратиб беради; бўлиниш рўй бергач, “бирликчилар” бу бинодан ҳайдаб чиқарилади).

Бизга ўхшаган жуда кўп хаёлпараст ёшлар Муҳаммад Солиҳнинг атрофида айланиб юрарди.

Соли акани йўқлаб Москвадан марказий газеталарнинг ва хорижий элларнинг мухбирлари тез-тез келиб туришина юқорида айтдим.

Бу мухбирлар шунчаки интервью олиш учун эмас, балки Москвада шаклланган демократик ташкилотлардан хабар ҳам келтиришарди: улар воситасида Тошкент билан Москва демократик кучлари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилади.

Айниқса, Борис Ельцинни қайтадан ҳокимиятга олиб чиққан “Регионлараро депутатлар гуруҳи” Ўзбекистондаги норасмий ташкилотлар билан яқиндан алоқа ўрнатади.

Қисқаси, Ўзбекистонда энди энди шакллана бошлаган демократия қудратини биз Муҳаммад Солиҳ тимсолида кўрардик…

15.

Масалан, “Эрк” партиясини тузганида ҳам, “Бирлик” билан, бошқа рақиб мухолифатчилар, хусусан, Шукрилла Мирсаидов билан алоқани сақлаб қолиши керак эди.

Ўзи учун эмас, сиёсат учун, давлат ва миллат манфаати учун шундай қилиши керак эди.

Ака-ука Пўлатовлар билан улар ўртасидаги даҳанаки жанглар ҳеч кимга фойда келтирмаслигини, булар бачканалик эканини у тушуниб етиши керак эди.

Лекин шу билан бирга унинг ўз рақибларига бўлган принципиал позициясини ҳам ҳурмат қилиш керак деган фикрдаман.

Бундай дейишимга сабаб шуки, рақиблар ҳам турли хил бўлади. Ҳалол ва ғирром рақиблар.

Ғирром рақиблар ўз душманининг айбини тополмаса, ҳақорат қилиб, шахсига тегиб, тўҳмат ва шантажлардан фойдаланишдан ҳам қайтмайдилар.

Бундай рақиб дейишга ҳам арзимайдиган мунофиқ ва ожиз кимсалар билан умуман мулоқот қилиш мумкин эмас.

Ҳалиям ўзини даҳоман деб юрган ана шундай шўрлик бир кимса ҳақида гап кетганида Муҳаммад Солиҳ шундай деган эди: “Мен вақти келиб Каримовни кечиришим мумкин. Лекин бу ифлос ва муртад кимсани ҳеч қачон кечира олмайман!”…

Ўшанда мен хорижга эндигина чиққан пайтларим эди. Унга эътироз билдирдим. У яхши одам, ҳали яхши бўлиб кетасизлар деб, ўзимча донишмандлик қилган бўлдим.

Лекин орада ўтган йиллар Муҳаммад Солиҳнинг нечоғлик ҳақ эканини исботлади…

Кейинчалик, “ЭРК” партиясининг ичида ҳам ихтилофлар бошланди: Содиқжон Йигиталиев, Шоди Каримов, Аҳмад Аъзам каби манфаатпараст ва мансабпараст кимсалар “ЭРК” да раҳбарлик лавозимларига кўтарилди, сўнг ўз маслакдошларига хиёнат қилдилар…

Худди кечагидай ёдимда. Содиқжон Йигиталиев билан Шоди Каримовларни деярли ҳар куни Президентнинг кадрлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов кабинетида кўрардим.

Кейин билсам, бу пайтга келиб энди Муҳаммад Солиҳ билан ҳукумат ўз муносабатларини қайта кўриб чиқаётган пайт экан.

Бу икки “мухолифатчи” ўшанда энди “Эрк”ни бўлиш бўйича Президентнинг маслаҳатчисидан керакли маслаҳатлар олаётган эдилар…

Чунки бу пайтга келиб, Муҳаммад Солиҳнинг Президентга бўйин эгмаслиги, ўз йўлидан қайтмаслиги ойдинлашди.

У шахсан президент ташаббуси билан девонга бир пиёла чой баҳонасида таклиф этилганида, ўзига ваъда қилинган ҳукумат мансабларидан воз кечади.

Агар фикрингиз ва таклифингиз рост бўлса, менга Олий Кенгаш раислигини беринг деб давлат раҳбарига шарт қўйиб, шаккоклик қилади.

Бугун уни айни таклифга кўнмагани учун ҳам танқид қилувчилар бисёр.

Менинг назаримда, Президент таклифига кўнганида ҳам Муҳаммад Солиҳ кўп ўтмай ишдан олиниб, сиёсат саҳнасидан абадий супуриб ташланган бўларди.

Шунинг учун у ўшанда Ислом аканинг таклифига кўнмай тўғри қилган. Узоқни кўра билган…

Олий Кенгаш раислигини сўраганини ҳам тушиниш мумкин.

Ўша пайтдаги Конституцияга мувофиқ Ислом Каримовга фақат Олий Мажлисгина ишончсизлик билдириши мумкин эди.

Ким билади дейсиз, агар Президент шу мансабни берганида Муҳаммад Солиҳ ростдан ҳам унга Олий Кенгаш орқали ишончсизлик билдираман деб ўйлагандир.

Лекин Ислом ака ҳам анойилардан эмас. У ўзининг кучли ва сиёсий имкониятлари ниҳоятда кенг бўлган рақибига бу вазифани бериши ўзи учун ҳалокат билан тенг эканини ҳам яхши билган ва тушунган…

Умуман Ислом ака жуда ҳушёр, узоқни кўра биладиган, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам унутмайдиган одам…

Ўтган йигирма икки йиллик у киши олиб борган сиёсат менинг бу сўзларим нечоғлик тўғри эканини кўрсатди…

Хуллас, Муҳаммад Солиҳни ўз тарафига оғдириш бўйича барча имконларни ишга солиб бўлганидан кейин Президент энг сўнгги йўлни қўллашга қарор қилади.

Муҳаммад Солиҳ ва у бош бўлган ўзбек мухолифатига қарши кескин ва қақшатқич жанг бошланади.

Бу тенгсиз жанг ва бу таъқиб ҳамда тазйиқларнинг нима билан тугагани Сизга яхши аён…

16.

Ўзбекистонни тарк этиб, Канадага келган илк дақиқаларимдан эътиборан “Оқланмаган ишонч қиссаси”ни эълон қилиш ҳақида ўйлай бошладим.

Муҳаммад Солиҳга алоқадор бўлган “Эркин юрт” интернет нашрига тўхталдик.

Ана шундай кунларда Муҳаммад Солиҳдан келган бир хат ҳануз менинг хотирамда:

“Исмат! Китобни қандай ёзган бўлсангиз, шундайлигича эълон қиламиз. Фақат бир илтимос, ҳатто сизга жуда кўп ёмонлик қилган душманингиз ҳақида ёзганда ҳам ёлғонни ишлатманг! Унга тўҳмат қилманг! Фақат бор ва тўғри гапни ёзинг! Адолат тарафида туриб ёзинг!”

Мана, ўтган давр мобайнида ҳали Ўзбекистондаёқ қоғозга туширила бошланган бу сиёсий хотираларимни ёзаётганда мен баҳоли қудрат Муҳаммад Солиҳ айтган сўзларга амал қилишга интилдим.

Бугун “Оқланмаган ишонч қиссаси”ни минглаб ўқувчилари ўқимоқда. Эртага уларнинг сони яна ҳам ошади….

17.

Баъзан ўйлаб кетаман. Мен Муҳаммад Солиҳнинг ўрнида бўлганимда шунча хўрлик ва азобларга чидай олармидим деб…

Ёки йигирма йилдан бўён уни аёвсиз танқид қилиб, Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистоннинг барча фожеаларига айбдор деб келаётган рақиблари унинг ўрнида бўлганларида бугун ҳам унинг каби иродали ва курашчан бўлиб қола олармидилар?

Неча маротаба фитна ва ўлимлардан омон қолган жон, оиласи ва қариндошлари дийдори ва меҳридан узилган, ўзи боис инилари ҳануз ҳибсда қолаётган, уларнинг бола чақа ва оиласи томонидан ёғдирилаётган маломат тошларини жим кўтариб келаётган бу иродали ва ҳалол, тўғри сўз ростгўй инсон ҳақида ўйларканман, ўзим қачонлардир меҳр қўйган ва ишонган Ислом Каримовдан ҳам хафа бўлиб кетаман.

Агар мен Президентнинг ўрнида бўлганимда Муҳаммад Солиҳнинг мана шу иродаси ва матонатли руҳи ҳаққи ҳурмати уни кечирган ва Ўзбекистон фуқаролигини махсус Фармон билан унга аллақачон қайтариб берган бўлардим.

Лекин афсуски, мен Президент эмасман!

Ислом Каримов эса ҳали вери мен айтган орзуларни амалга оширадиган раҳбарга ўхшамайди…

18.

Яширмайман, бу бобни ёзиш мен учун жуда оғир кечди.

Биринчидан, Ўзбекистон ҳукумати назарида Муҳаммад Солиҳ ҳануз терррорчи ва давлат хоини.

Унинг хориждаги рақиблари назарида эса сотқин ва бузғунчи…

Шундай бир вазиятда у ҳақида эҳтиром билан китоб ёзиш Президент ва ҳукуматга, унинг мухолифларига нисбатан бориб турган шаккоклик ва одобсизлик эканини ҳам яхши биламан.

Лекин нима қилай, қўлга қалам тутганда фақат ва фақат виждонга қулоқ солиш керак деб Ислом аканинг ўзлари бир пайтлар менга насиҳат қилган эдилар…

Мен устоз насиҳатларига амал қиляпман, холос…

“Оқланмаган ишонч қиссаси” эса бутун бир авлодлар қўлма қўл севиб ўқийдиган ажойиб бир китоб бўляпти.

Буни ҳукумат ҳам, ўша мен айтган Муҳаммад Солиҳнинг ожиз ва шўрлик мухолифлари ҳам ҳам кўриб, билиб, сезиб туришибди.

Начора, биз бу борада Ислом аканинг ўзлари ўргатганидай, ҳеч қайси томоннинг тарафини олмасликка, фақат ва фақат ўз виждонимизга қулоқ тутишга қарор қилдик.

Агар Ислом Каримов ҳам Муҳаммад Солиҳ ҳақида ёзилган бу матнларни ўқиса, ичидан барибир менга тан беради.

Мен у кишининг характерини, феъли атворини яхши ўрганганман, биламан.

У мардликни (мен бу ерда ўзим ёзган ҳақиқат борасидаги жасоратни эмас, балки Муҳаммад Солиҳдаги мардликни назарда тутяпман) тўғри тушунадиган ва қабул қиладиган одам.

Лекин минг афсуски, Ислом ака бугун юртга ҳукмдор ва подшоҳ бўлса ҳам сиёсатчи сифатида ўз қалб кечинмаси ва туйғуларини жиловлаб юришга мажбур…

19.

Бугун Ўзбекистондан олис бир мамлакатда Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги фикрларимни қоғозга туширарканман, менинг бу гап сўзларимни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳам у қадар тўғри бўлмаслигини айтиб ўтишни истардим.

Бу менинг – ўз хато ва камчиликлари, қувонч ва ташвишлари, армон ва ҳижронлари билан олдига қўйган мақсадлари учун ўз билгича курашган содда ва ишонувчан, очиқ кўнгил ва самимий бир йигитнинг дил розлари, кўрган кечирганларимдир.

Йигирма йилдан бўён ўзбек мухолифати лидери деган шарафли ва масъулиятли номни доғ туширмай, муқаддас тутиб келаётган Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги менинг – Исмат Хушевнинг ҳақиқатлари бу!

Мен Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги бу бобни унинг қуйидаги шеъри билан якунлашни лозим топдим:

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли,
кураш бошланaркан тарафма-тараф
ожизнинг ёнини олганинг учун
“хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
“менинг душманим” деб, сени атаса,
жазавага тушса, исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шараф-ки, зулмга “Зулм!” деёлсанг,
бошингда ҳар куни синса-да тўқмоқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!

http://dunyouzbeklari.com